«Молдова темир йўллари» (МТЙ) давлат корхонаси 12 февралдан маҳаллий ва шаҳар атрофига қатнайдиган поездлар ҳаракатини тўхтатади. Бу ҳақда парламент комиссияси мажлисида берилган баённомага таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Иқтисодиёт, бюджет ва молия бўйича парламент комиссияси МТЙнинг жуда оғир молиявий аҳволини муҳокама қилди.
Тақдим қилинган маълумотларга кўра, ҳозирда Молдовада фақат учта шаҳарлараро йўналиш бор — Кишинёв—Унгени, Кишинёв—Бендери ва Бельци—Окница. «Шу йўналишда ташилаётган йўловчиларнинг 70 фоиздан кўпроғи темир йўл компанияси ходимлари», — деди МТЙ вакили парламент йиғилишида.
«Мамлакатдаги йўловчи ташувчи поездларнинг ойлик қатнови МТЙга 9-12 миллион лей (тахминан 600-800 минг доллар) зарар келтиряпти. Компания зарар кўряпти. Бизни ҳеч ким молиялаштирмаяпти. Поездлар ҳам эскирган ва йўловчиларга хавф туғдиради. Ёз мавсумида уларнинг ёниб кетиши ҳолатлари кузатилади ва бу йўловчилар ҳаётини хавф остига қўяди», — таъкидлади МТЙ вакили.
Компания вакилининг қайд этишича, 2020 йил март ойидан буён коронавирус пандемияси сабабли йўловчи ташувчи халқаро поездлар, шунингдек, Кишинёв—Москва, Кишинёв—Санкт-Петербург, Кишинёв—Одесса каби бир қанча фойда келтирувчи йўналишлар қатнови тўхтатилган.
Темир йўлчиларнинг айтишича, шундай вазиятда ҳам компания ходимларига маош тўлашда давом этган. Лекин охирги олти ойдан буён маошлар тўланмаётгани сабабли компаниянинг қарзи 3 миллион долларга етди.
Молиявий назорат бўйича парламент комиссияси раиси Игор Мунтянунинг таъкидлашича, 2018-2019 йиллар мобайнида МТЙ директорлар кенгашининг розилиги ва қарорисиз 66 минг тонна қора металлни сотиб юборган. Бундан ташқари, 168 миллион лей (тахминан 10 миллион доллар) қийматидаги қора металлдан ясалган ғилдираклар ва бошқа буюмлар ҳам сотиб юборилган, бу эса талон-торож рискини оширган. Шунинг учун МТЙнинг қарздорлиги 500 миллион лейга (тахминан 30 миллион доллар) етди.
«Иш ҳақи бўйича қарздорлик мавжудлиги сабабли МТЙнинг ҳисоблари блокланган. Бир неча ой давомида иш ҳақи бўйича мавжуд бўлган қарздорлик ушбу корхонанинг инқирозга қарши курашиш бошқаруви учун жуда муаммоли вазиятни келтириб чиқарди», — деди Мунтяну.
Унинг таъкидлашича, «бошқарувдаги камчиликлар ва йўл қўйилган хатолар учун кимдир жавобгарликни бўйнига олиши керак, акс ҳолда халқ ўзини ҳимояланганини ҳис қилмайди».
Изоҳ (0)