Олий таълим вазирлиги қошидаги касб-ҳунар мактаблари сифатида фаолият олиб бораётган собиқ коллежларгина Меҳнат вазирлиги тасарруфига ўтказилади. Бу ҳақда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маълум қилди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Нозим Ҳусановнинг айтишича, Олий таълим вазирлиги қошида 340 га яқин касб-ҳунар мактаблари мавжуд. Ушбу собиқ коллежлар жойлашган ҳудудда қайси соҳада мутахассисларга эҳтиёж бўлса, ушбу йўналишда қисқа муддатли курслар ташкил қилинади.
«Касб-ҳунар мактабларимизда ҳудудда қайси соҳа ривожланганлигини, яъни қайси соҳага мутахассислар керак, шуни аниқлаб, мана шу йўналишда қисқа муддатли касб ўргатувчи курслар ташкил қилинади. Ўйлаймизки, бу ҳар бир туман даражасида ишсизликни йўқотишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.» – деди Нозим Ҳусанов.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида «коллежларнинг жойи олий таълим вазирлигида эмаслигини» таъкидлаб, коллежларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, «Ишга марҳамат» мономарказлари ва маҳаллаларни коллежларга бириктириш вазифаси берилганди. Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, Ўзбекистонда «мутлақо янги» профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилиши белгиланганди.
Изоҳ (0)