Американинг Falcon 9 оғир ракетасининг 23 январга белгиланган рекорд сонли сунъий йўлдошлар билан биргаликдаги парвози бир сутка кейинга кўчирилди, деб ёзади «Интерфакс» SpaceX компаниясига таяниб.

Фото: Reuters

Бортида 133 та тижорат ва давлат кичик сунъий йўлдошлари, шунингдек, SpaceX компаниясининг 10 та Starlink интернет сунъий йўлдоши бўлган ракетанинг Transporter-1 миссияси доирасидаги парвози Тошкент вақти билан 24 январь, якшанба куни 20:00 да Флоридадаги Канаверал бурнида жойлашган 40-космик мажмуадан амалга оширилади.

Тўртинчи марта фойдаланилаётган Falcon 9 ракетасининг илк кўп марталик поғонаси ажралиб чиққанидан Атлантикадаги старт майдонидан 533 км масофада жойлашган Of Course I Still Love You droneship автоматик денгиз платформасига бошқарилувчи вертикал қўнишни амалга ошириши керак бўлади.

10 та Starlink сунъий йўлдоши қутб орбитасига чиқарилади.

20 январь куни Falcon 9 оғир ташувчи ракетаси паст Ерга яқин орбитага 60 та кичик сунъий йўлдошдан иборат навбатдаги партияни муваффақиятли олиб чиққан эди, улар Starlink тизими интернет қамрови глобал тармоғини ёйишни давом эттириш учун мўлжалланган.

Бу Starlink лойиҳаси доирасида 2019 йил майидан бошлаб интернет сунъий йўлдошлар катта гуруҳининг орбитага 17 марта чиқарилишидир. SpaceX’нинг орбитал гуруҳида аллақачон 1013 та Starlink космик қурилмалари бор.

Айни пайтда компания дунёдаги энг йирик сунъий йўлдош оператори ҳисобланади.

Келгусида SpaceX компанияси Ер аҳолисини сайёранинг исталган нуқтасида кенг полосали интернетга кириш билан таъминлаш имкониятини берувчи тўлиқ кўламли тармоқ яратиш учун 12 мингта ушбу турдаги космик қурилмадан иборат орбитал гуруҳни шакллантиришни режалаштирмоқда. Лойиҳани амалга оширишга киритилган инвестицияларнинг умумий қиймати 10 миллиард долларга баҳоланмоқда.