Чили ўз ҳудудида тез-тез ҳалокатли зилзилалар содир бўлиши билан машҳур. Шундай зилзилалардан бири 1939 йил 24 январь куни Чилининг жануби ҳамда марказий қисмида содир бўлган. Фалокат баъзи манбаларга кўра 50 000 кишини ҳаётдан олиб кетган Чилидаги энг қонли зилзила бўлган. «Дарё» сана муносабати билан ушбу зилзила ва унинг оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади.
Зилзила қандай содир бўлди?
Зилзила 23:32да Чили яқинида кучли силкиниш билан бошланиб, қисқа фурсатда 3500 га яқин уйни вайронага айлантирди. Турли ҳисоб-китобларга кўра мутахассислар унинг қувватини 7,8 дан 8,3 баллгача баҳолайдилар. Зилзила эпицентри Чили шаҳридан бир неча километр узоқликда бўлиб, унинг фокус чуқурлиги 60 километрни ташкил этган.Зилзиладан кейин ҳам бирмунча вақт давом этиб турган унчалик кучли бўлмаган силкинишлар натижасида умумий талафот кўлами ошди – ҳудуддаги биноларнинг деярли барчаси, жумладан, уйларнинг 95 фоизга яқини бутунлай яроқсиз ҳолатга келиб қолди. Зилзилага гувоҳ бўлган ва у содир бўлган вақтда театр залида бўлганлар театр катта қандилининг «томоша кўрсатганини» ва ваҳимага тушган одамлар зинапоялар орқали ташқарига томон қочишганини эслайдилар. Аммо ўша вақтда зинапоялар ёрилиб, кўплаб одамларнинг умрига зомин бўлган. Манбаларда театр қурбонлари 300 кишини ташкил қилганлиги қайд этилади. O’Ҳиггинс ва Анибал Пинто хиёбонлари кесишган жойда жасадлар тўпланиб қолган, кейинчалик улар қабристонларга олиб борилган ва катта ер участкаларига кўмилган. Зилзила натижасида шаҳар бўйлаб электр энергияси бутунлай узилиб қолган, шаҳарнинг турли жойларида ўнлаб ёнғинлар келиб чиққанлиги қайд этилган. Асосий электр станциясини кўчадан қўриқлаётган тунги қўриқчи электр узатиш линиялари узилиб, одамлар ҳаракатланаётган йўлда қулаб тушганини кўриб қолади ва шошилинч равишда станцияга етиб бориб, тугмачани ўчириб қўяди. У юзлаб одамларни электр токи уришидан сақлаб қолади, аммо кўп ўтмай зилзила натижасида қулаб тушган электростанция биноси унинг ўзининг ҳаётига зомин бўлади.
Ичимлик суви таъминоти тизими ҳам катта зарар кўрган. Шаҳар бўйлаб моддий зарар уч миллиард песодан ошган. Шаҳарнинг энг эътиборга молик нуқтаси – Мустақиллик майдони жиддий зарар кўрган. Унинг икки минораси шундай хавфли кўринишда эгилиб қолган эдики, уларни бузишдан бошқа чора йўқ эди. Яна бир зарар кўрган бино эски Консепшн марказий станциясининг биринчи биноси эди. Шунингдек, марказий бозор ва почта алоқаси биноси ҳам бутунлай харобага айланган.
Чили собори шаҳарнинг асосий бинолардан бири бўлган, аммо зилзила натижасида у бутунлай вайрона ҳолига келиб қолган эди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги вақтда собор кучли зилзила пайтида бардошли бўлиши учун қайта қурилган.
Чили президенти Педро Агуире Черда зилзиладан сўнг зарар кўрган ҳудудларга ташриф буюрган ва Сантьягога қайтиб келганидан кейин ачиниш билан «мамлакатнинг энг бой ва обод минтақаларидан бири харобага айланди» деган эди.
Зилзила фақат ўн бешта биногагина деярли зарар етказмади, улар орасида Испания банки биноси, Армс майдонидаги дорихона биноси, Кувакович ва Эчевериа уйлари бор эди.
Қурбонлар
1939 йил 24 январда Чилида содир бўлган зилзила ўлимлар миқдори бўйича ачинарли антирекорд ўрнатди, унинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони 50 минг кишини ташкил этди. Бундан ташқари 60 минг киши жароҳат олди, 700 минг киши бошпанасидан айрилди. Жанубий Америка тарихидаги бирон бир зилзила 1939 йил 24 январдаги зилзила сингари кўп одамнинг ҳаётига зомин бўлмаган эди. Юзлаб конлар қулаб тушди, воқеа содир бўлган пайтда уларда ишлаётган кончилар тириклайин кўмилиб кетдилар. Зилзила тўхтаганидан уч дақиқа ўтгач шаҳардаги юзлаб бинолардан атиги учтаси омон қолган эди. Қурбонлар ҳақидаги фактларни ўрганишда дуч келинадиган энг даҳшатлиси шуки, ҳалок бўлганларнинг деярли 70 фоиздан ортиғини болалар ташкил этар эди. Шафқатсиз табиий офат 50 минг бола – шаҳарнинг деярли бутун ёш авлодининг шафқатсиз қотилига айланди.Зилзиладан сўнг
Ҳалокатли зилзиладан сўнг мамлакатни тиклаш ва саноатлаштириш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва қазиб олиш саноатини ривожлантиришга кўмак бериш учун Чили саноатни ривожлантириш корпорацияси (CORFО) ташкил этилди. 1939 йилги зилзиладан ташқари Чили ўз жойлашув ҳудуди туфайли тарихан бир неча бор, жумладан, 1751, 1835, 1953, 1960 ва 2010 йилларда кучли зилзилаларнинг гувоҳи бўлган, аммо уларнинг ҳеч бири 1939 йил 24 январдаги зилзиладай кучли тус олмаган.Дилбар Исматуллаева тайёрлади.
Изоҳ (0)