Криштиану Роналду – ушбу футболчининг шахсияти, болалиги, фаолияти ҳамда саноғи йўқ совринлари ҳақида исталганча, қоғоз ва қалам етганича ёзиш мумкин. Роналду бугунги кунда ўзидаги бор нарсаларнинг барчасига тинимсиз ва машаққатли меҳнати орқали эришгани ҳеч кимга сир эмас. Бамисоли темирдек машқ қиладиган Рони, дам олиш ва катта харидларни амалга ошириш борасида ҳам исталган инсонга дарс бериши мумкин. Сезиб улгурганингиздек, қуйида Криштианунинг ҳашаматли ҳаёти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Уйлари

Фото: Google Photos

«Реал»дан «Ювентус»га ўтган Роналду Турин шаҳрининг қоқ марказида жойлашган замонавий ва ҳашаматли саройга жойлашган. У ерга фақат шахсий йўл орқали бориш мумкин.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Уй кўп сонли дарахтлар туфайли кўздан яширинган, аммо шу билан бирга иморатдан шаҳарнинг гўзал манзарасини кўриш мумкин. Португалияликка ҳозирги уйи Мадриддагисига ўхшашлиги сабаб ёққан. Ундан 8 ётоқхона, 4 та ҳаммом ва улкан деразали қатор бошқа хоналар ўрин олган. Ҳужумчи замонавий архитектура ва дизайнерлик мебелларини хуш кўради.

Шунингдек, футбол юлдузининг уйида чўмилиш ҳавзаси ва спорт зали мавжуд. Қаср ёнида улкан боғ ҳам бор, унда Криштиану фарзандлари билан вақтини чоғ ўтказади. Маълумотларга кўра, португалиялик Туринга ўзи билан бирга ошпаз, диетолог ва физиотерапевтни ҳам олиб келган. Ҳудудга иккита кириш эшиклари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири жиддий қўриқланади.

Фото: Google Photos

Роналдунинг ўзи туғилиб ўсган Мадейрада уйи бор. Маълумотларга қараганда, форвард Испанияда ҳам кўчмас мулкка эгалик қилади.

Машиналари

Автомобильлар борасида ҳам Роналдуга тенг келадигани бўлмаса керак. Бугунги келиб унинг гаражидан 20 дан ортиқ автомашина ўрин олган, уларни жойлаштириш эса шунчаки осон иш эмас. Криштианунинг гаражидан McLaren Senna, Bugatti Voiture Noire, Rolls-Royce Phantom, Bugatti Centodieci, Ferrari 599 GTB Fiorano ва бир қатор бошқа қимматбаҳо машиналар ўрин олган.

Фото: Bugatti Centodieci

Роналдунинг машиналари, уларнинг нархлари ҳамда афзалликлари ҳақида батафсил бу ерда ўқиш мумкин:

Bugatti, Ferrari, Lamborghini ва Rolls-Royce. Криштиану Роналдунинг гаражига саёҳат (фото)

Ўзига келганда ҳеч нарсани аямайдиган Роналду барча шароитлар билан жиҳозланган 50 миллион евролик шахсий самолётга ҳам эгалик қилади. Самолёт бортида ётоқхона, ошхона, телефон ва интернет бор. «Темир қуш» ўз ичига 18 нафар йўловчини сиғдира олади.

Фото: Instagram

Шахсий ҳаёти

Фото: FilmMagic

Криштиану Роналдунинг ҳаётида жуда кўплаб аёллар бўлган, бироқ ҳозир улар ҳақида ортиқча гапиришдан маъно йўқ. Роналду 2016 йилда Жоржина Родригес билан муносабат қурган ва жуфтлик ҳамон бирга. Роналду Жоржина дунёга келтирган қизалоқдан ташқари яна бир қиз ва икки ўғилга оталик қилади. Футболчининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида тез-тез оилавий суратларни кўриш мумкин.

Фото: Instagram

Дўстлари

Криштиану Роналду асосий вақтини кўпинча оиласи даврасида ўтказади, саёҳат қилади ва машиналарини бошқаради. Бироқ у ҳамма нарсага улгургани каби, дўстлашишга ҳам вақт топади. Унинг машҳур дўстлари орасида, енгил атлетикачи Усейн Болт, боксчи Флойд Мезвезер, MMA’чилар Ҳабиб Нурмагомедов ва Конор Макгрегорни кўриш мумкин. Шунингдек, унинг собиқ жамоаси «Реал»дан фақатгина Марсело билан алоқани сақлаб қолгани айтилади.

Фото: Google Images

Фото: Instagram

Фото: Google Images

Фото: Google Images

Футболдан ташқари қизиқишлар

Футболчининг бўш вақти деярли бўлмаса-да, бундай вақтларда у асло зерикиб қолмайди. Боиси Роналду ўз бизнес империясига асос солган: меҳмонхона, спорт зали, парфюмерия, ички кийимлар ва бошқалар. Шунингдек, у реклама роликларида суратга тушади, машҳур брендлар билан имзоланган шартномалар эса унга улкан даромад келтиради. Бундан ташқари Роналду Instagram тармоғида энг кўп обуначига эга инсон ҳисобланади – 255 миллион. Шундай экан, унинг саҳифасида реклама жойлаштириш қанчага тушишини ўзингиз ўйлаб кўраверинг. Forbes журнали Роналдунинг ўтган 2020 йилдаги даромадини 117 миллион долларга баҳолаган. Шундан 31 миллиони унинг «Ювентус»даги бир йиллик маоши ҳисобланади. Шунингдек, Роналду мунтазам равишда хайрия ишларида фаол қатнашиб келади.

Фото: Getty Images