Ортиқча вазн билан бирга кўпчиликда депрессия, тушкунликка тушиш ва саломатлик билан бошқа муаммолар кузатилиши мумкин. Аммо қуйида номи келтирилган кишилар вазни ҳаддан ортиқ даражада оғир эканига қарамасдан, озишга куч топа олган.

Жон Брауэр Миннок — 419 кг вазн йўқотган

Фото: «Домашний очаг»

1941 йилда дунёга келган Жон болалигидан ортиқча вазндан азият чеккан. 12 ёшида бўйининг узунлиги 170 см, вазни эса 133 кг, 22 ёшида вазни 230 кг, бўйи эса 185 см бўлган. Йилдан йилга семира бошлаган Жон 36 ёшида юрак ва нафас етишмовчилигидан шифохонага ётқизилган. Уни шифохонага олиб бориш учун 10 нафар ўт ўчириш машинаси ва 13 та одам ёрдами керак бўлган. Вазни 635 кг бўлган Миннок Гиннеснинг рекордлар китобига энг оғир вазнли одам сифатида киритилган. Айнан шу йили вазни 50 кг бўлган Жаннетт исмли қизга уйланиб барчани лол қолдирган. Миннокнинг вазн ташлашига овқат емай қўйгани сабаб бўлган. Унинг организмида суюқлик ҳужайрадан ташқарида йиғилиб, ҳаддан ортиқ тўпланган ва эндокринолог Роберт Шварц унинг танасининг 408 килоси тўпланган суюқликдан иборат бўлганини маълум қилган. 16 ой давомида шифохонада бўлган Жон қаттиқ парҳез тутиб, 419 кг йўқотган. 216 кг бўлгани уни қутқара олмаган, у 41 ёшида вафот этган.

Халид ибн Мухсен Шарри — 542 кг йўқотган

Фото: «Домашний очаг»

Озиш бўйича Миннокнинг рекордини янгилаган Шаари 1991 йилда Саудия Арабистонининг жанубий вилоятида дунёга келган. Вазни 610 кг бўлган Халидга қирол Абдулла Ар-Риёдда даволаниш курсини ўташи кераклигини айтган. Қиролнинг шахсий фармойишига асосан Халид 2013 йилда шифохонага махсус самолётда ўнлаб тиббиёт ходимлари, ҳарбий ходим ва полициячилар назорати остида олиб борилган.

Фото: «Домашний очаг»

Уни уйидан олиб чиқиш учун ходимлар уй деворини бузишига ва АҚШдан махсус кроват келтирилишига тўғри келган. Операция давомида Халиднинг қорнидан 80 кг ёғ олиб ташланган. Узоқ даволаниш жараёнида эса 542 кг вазн йўқотган. 2016 йилда ўзи мустақил оёққа тура олган Халиднинг вазни кўпайишининг сабаби таом билан эмас, оғир касаллик билан боғлиқ бўлган.

Мануэль Урибе Гарса — 230 кг вазн йўқотган

Фото: «Домашний очаг»

1965 йил Мексикада дунёга келган Мануэль максимал 597 кило вазнга эга бўлганидан кейин 2001 йилда ўрнидан туролмай қолган. Шундан кейин мутахассисларга мурожаат қилган ва парҳез тутишга қарор қилган. Бари Сирса унга мутахассислик қила бошлаган. Парҳез сабаб Урибе 230 кг вазн йўқотган. Шунга қарамасдан, 2014 йилда жигар етишмовчилиги сабаб вафот этган.

Розалин Бедфорд — 416 кг вазн йўқотган

Фото: «Домашний очаг»

Розалин вазн йўқотиш бўйича аёллар орасида рекорд қўйган. Бредфорднинг вазни ўн тўрт ёшида 92, ўн беш ёшида  эса 140 кг бўлган. Турмушга чиқиб фарзандли бўлганидан кейин иштаҳаси ҳам вазни ҳам орта бошлаган. Бир қанча парҳезга амал қилганига қарамай, натижа ижобий бўлмаган. Қонида инфекция борлиги уни шифохонага ётишга мажбур қилган, ётоқ режими эса унинг вазни янада ортишига сабаб бўлган. 8 йил давомида ҳаракатлана олмаган аёл 1987 йилда 540 кг бўлган. Қаттиқ депрессияга тушган Розалин ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Шундан кейин дўсти уни озиш бўйича мутахассис Ричард Симмонс билан боғланишга кўндирган. У бир йилдан кейин 190 кило, кейинчалик эса 230 кило йўқотган. Бир неча йил давомида умумий 416 кило йўқотган Бредфорд 2006 йилда 63 ёшда вафот этган.