Германия ҳукумати коронавирус туфайли жорий қилинган чеклов чораларини 31 январгача узайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель эълон қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: AP Photo

«Биз мулоқотларни янада қатъийроқ чеклашимиз керак… Барча фуқаролардан мулоқотларни мутлақ минимумгача чеклашни сўраймиз», — деди у.

Бир ой мобайнида аҳоли фақат оила аъзолари билан ва ўзи билан битта уйда яшамайдиган фақат битта одам билан мулоқот қилиши мумкин. Умумий овқатланиш жойлари ёпиқлигича қолади, фақат уйга олиб кетиш ва етказиб бериш учунгина таом сотиш мумкин.

Ҳаракатланиш ҳам чекланади. Агар битта округда етти кун ичида ҳар 100 минг аҳолига COVID-19’га чалиниш билан боғлиқ 200 дан ортиқ янги ҳолат қайд этилса, маҳаллий аҳолининг ўз уйидан узрли сабабсиз 15 километрдан ортиқ масофага узоқлашиши тақиқланади.

Хориждан кириб келаётганлар учун мажбурий талаб сақланиб қолади: инфекция тарқалиши билан боғлиқ хавф зоналаридан қайтиб келганлар мамлакатга киришда ёки ундан 48 соат аввал коронавирусга тест топшириши керак. Шунингдек, улар учун ўн кунлик карантин ҳам амал қилади, манфий натижа қайд этилган тақдирда, карантиндан беш кунда чиқиш мумкин.

Чакана савдо ёпиқ бўлиб қолади, кундалик ҳаёт учун зарур дўконлар, шу жумладан, озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар ва Рождество арчалари сотиладиган жойлар бундан мустасно. Сартарошхона, косметик салон ва шу каби бошқа муассасалар ёпиқ бўлади. Жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш тақиқланади.

Диний йиғилишлар, ибодатлар ўтказиш мумкин, аммо ижтимоий масофага риоя қилиниши ва ҳимоя воситалари тақилиши керак.

Германия ҳукумати 25 январь куни йиғилиб, жорий вазиятни муҳокама қилади ва кейинги қарорларни қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, Германияда коронавирус билан боғлиқ оғир вазият туфайли 16 декабрдан бошлаб камида 10 январга қадар давом этувчи қатъий локдаун жорий этилган эди.

Кейинроқ эса Германияда Буюк Британияда аниқланган коронавирус штамми билан касалланган илк беморлар қайд этилган эди.

Роберт Кох институти маълумотларига кўра, Германияда коронавирусга чалинганлар сони 1 787 410 кишига етган.