Россия миграция қонунчилигини бузган 50 минг ўзбекистонлик фуқаро 5 минг рубль жарима тўлаш орқали нолегал муҳожирлик мақомидан чиқарилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов «Мономарказ»да бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «Kun.uz».
Эркин Муҳиддиновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва консулликлари томонидан бевосита Россияда ҳамда Ўзбекистоннинг ўзида ҳам ўзбекистонликлар орасида ташвиқот ишлари кучайтирилган. Бундан ташқари, Россия мутасадди ташкилотлари томонидан Россияда ноқонуний бўлиб турган меҳнат муҳожирлари уларга мурожаат қилган тақдирда, кўпчилиги тилни ва қонунчиликни билмаганлиги боис қўполлик, дағаллик қилмасдан эътибор қаратиб қўйиш сўралган.
«Сентябрдан ўтган 3 ой ичида Россиядаги 50 минг ўзбекистонлик миграция идораларига борди ва нолегал мақомдан чиқарилди. Бугунги кунда, Россия ички ишлар вазирлиги келтирган рақамга кўра, 490 мингга яқин ўзбекистонлик Россияда нолегал муҳожир ҳисобланади. Энди уларни ноқонуний муҳожирликдан чиқариш бўйича ҳам иш олиб бориляпти.
Бу сафар бошқача ёндашилади. 490 минг кишининг исм-шарифи, манзили олиниб, Ўзбекистондаги оилалари орқали уларни Россия миграция хизматига боришга тарғиб қиламиз. Юқоридаги 50 минг киши Россиядан депортация, яъни чиқариб юборилмади, аксинча 5 минг рубль тўлаб Россияда қолишди. Қолган 490 минг фуқарони ҳам шу тарзда ноқонуний муҳожирлик мақомидан чиқаришимиз керак», — дейди вазирнинг биринчи ўринбосари.
Аввалроқ Россияга ишлашга кетмоқчи бўлган ўзбекистонликларга патент олиш жараёни осонлаштирилиши тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: