Хоразм вилояти ҳокими ўринбосарининг укасига тегишли компания 20 миллиард сўмлик давлат буюртмасини ютгани маълум бўлди. Бунда ҳоким ўринбосари тендер комиссияси раиси бўлган. Бу ҳақда Давлат харидлари порталидаги маълумотларга таяниб, Telegram’даги «Давлетовуз» канали хабар берди.

Баҳром Қурбонов 2020 йилнинг мартида Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган. У вилоятда қурилиш комплексида пудрат, лойиҳа ишларига бўлган давлат буюртмасини тендер асосида жойлаштиришни, шунингдек, унинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 25 июнь куни Баҳром Қурбонов раислигида Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича тендер савдо комиссияси мажлиси бўлиб ўтган. Комиссия қиймати 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлган иншоотни қуриш учун «Бунёдкор» МЧЖни ғолиб сифатида танлаб олган. Мазкур корхона улушлари юридик шахслар реестрига кўра тўлиғича Улуғбек Қурбоновга тааллуқли. «Давлетовуз»нинг ёзишича, у вилоят ҳокими ўринбосари, тендер комиссияси раиси Баҳром Қурбоновнинг яқин қариндоши — укаси ҳисобланади.

Скриншот: Давлат харидлари портали

Мазкур компания, шунингдек, Урганч шаҳар «Ашхобод» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ичимлик сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тендерда ҳам ғолиб бўлган. Тендер натижалари 2020 йил сентябрь ойида эълон қилинган. Қарийб 7 миллиард сўмлик объект бўйича тендер комиссияси раиси Уй-жой ва коммунал хўжалик вазири бўлган, лекин у йиғилишда «узрли сабабларга кўра қатнаша олмаган».

«Маданиятли жамиятларда бундай давлат буюртмаларида чиновникнинг корхонаси иштирок этмайди, ҳеч қачон амалдор укаси ёки акаси номидаги компания иштирок этаётган тендерда комиссия раиси бўлмайди. Бу абсурд. Бу жиноят. Бу коррупция. Юқоридаги ҳолатлар, назаримизда, манфаатлар тўқнашуви, қонун бузилиши жойларда чуқур илдиз отганини, муаммога тизимли ечимлар излаш кераклигини кўрсатмоқда», — дейилади хабар остидаги изоҳда.

Аввалроқ Андижонда давлат буюртмаларини буюртмачининг ўзига тегишли компаниялар тақсимлаб олгани маълум бўлганди. Хусусан, «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ўзига тегишли бўлган Milano Biznes Servis МЧЖга қарийб 20 миллиард сўмлик қурилишга оид давлат буюртмаларини олган. Шунингдек, Жиззахда бир неча юз миллиард сўмлик лойиҳаларни вилоят ҳокими ўринбосарининг қариндошлари қўлга киритгани ҳамда вилояти ҳокимининг қизига тегишли компания кўчаларга гул экиш бўйича 1,9 миллиард сўмлик яна бир тендерни ютиб олгани маълум бўлганди.