«Дарё» сайтида ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.
Митти видеолар сервиси бўлган TikTok бу йили Ўзбекистонда анчагина оммалашди. Шундай оммалашдики, трафик сарфи бўйича Ўзбекистонда Telegram ва Youtube’дан кейинги ўринга чиқиб олди. Айни вақтда Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинаётган мобил дастур ҳам TikTok’дир. Тиктокерлар эса ёшлар орасида кўпайгандан кўпайди. Кечагина ўн минг, юз минг обуначим бор деб ғурурланган Telegram’чи ва Facebook’чи блогерлар тиктокерлар олдида ип эшолмай қолди (албатта сон борасида). Хўш, TikTok шунчалик оммалашибди, нима қилиш керак? TikTok’чиларни тақдирлаш керак, албатта.
23 декабрь куни Tashkent City TikTok Awards 2020 тақдимот маросими бўлиб ўтди. Маросим TikTok’чиларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонда видеоблогингни оммалаштириш мақсадида уюштирилди. Унда қатор санъаткорлар билан бирга Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қатнашди. У тадбирни дунёдаги биринчи тиктокерлар байрами деб атади. Шунингдек, у «...биз ҳар доим сиз билан биргамиз. Ҳозир сиз олаётган видеолар ким учундир енгил-елпи кўринар, лекин бу сизнинг ёшингиз категорияси. Ёшингиз улғайгач, нисбатан жиддийроқ, яхшироқ видеолар ҳам оласиз...», дея тиктокерларни қўллаб-қувватлади.
* * *
Пойтахтни Фарғона водийси билан боғловчи Қамчиқ довонида калишга монумент ўрнатилди. Ҳа, ўзимиз орқасини босиб кийиб юрадиган усти қора, ичи қизил калишга.
Ушбу ажойиб монумент очилишида устазода санъаткор Жавоҳир Зокиров сўзга чиқиб, «бу оддий калиш эмас», деб уни мақтади. Калиш монументи очилиш тадбирида сурнайчи ва доирачилар ижролари билан иштирокчиларнинг кайфиятини кўтарди.
Бундай олиб қаралса, бу монумент бозор иқтисодиёти шароитида халқона бренд, жайдари маркетинг. Аммо бошқа мамлакатларда чоптираётган болага, итга, отга, туфлига қўйилган монументлар борлигини билмаганлар калиш монументини ҳам танқид билан сийламасдан қолмади. Шундан сўнг кўп ўтмасдан монументдан калишни олиб ташлашди. Бу шунчалик тез рўй бердики, ахборот сайтлари ҳолатни тузук-қуруқ ёритишга ҳам улгурмади. Қамчиқ довонининг темир-бетон дош бермайдиган иқлимига калиш чидармиди.
* * *
Навбатдаги хабаримиз блог ва сайт эгалари учун аҳамиятлидир. Интернет ОАВ вакиллари ва блогерлар веб-саҳифаларига қонунга зид шарҳлар ёзилганда уларни аниқлаш ва зудлик билан ўчириб юбориш тартиби тасдиқланди. Ўтган йили «ОАВ ва блогерлар қолдирилган комментлар учун ҳам жавобгар бўлади», деган хабар тарқалган ва катта муҳокамага сабаб бўлганди. Энди ўша қарор тасдиқланди. Хавотирга ҳожат йўқ, қонунга зид шарҳларни аниқлашнинг маданий йўли ишлаб чиқилган. Қонунга зид изоҳ (терроризм, диний ёки миллий адоват, жиноятчиликка даъват, ҳақорат ва ҳ.к.) қолдирилган тақдирда ОАВ ёки блогерга скриншот билан хабар юборилади. Хабарномани олгандан кейин 24 соат ичида ўчирилиши керак. Борди-ю ўчирмаса, АОКА судга мурожаат қилиши мумкин. Якуний ҳукмни суд чиқаради.
* * *
25 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ёшлар форуми ўтказилди. Форумда Humo Arena саройига келган 3 300 нафар, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди. Ёшлар форумида президент Шавкат Мирзиёев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевлар қатнашди. Шавкат Мирзиёев форумда ОАВ ва очиқлик сиёсати ҳақида гап очиб, «журналист ва блогерларнинг овозини эшитишга мажбурмиз» деди. Ёшлар берган қатор таклифлар тингланди, ўзаро фикр алмашилди.
Ёшлар форумига оид бир қизиқарли факт. Форумда гапирган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов президент билан 12 дақиқа 43 сония давом этган суҳбат давомида «ҳурматли Президент» иборасини 80 марта (ўртача ҳар 9,5 сонияда бир марта) айтди. Буни мухбирлар эринмай санаб чиқди.
Аслида ёшлар форумида катталар қатнашишининг ўзиёқ қизиқарли фактдир.
* * *
26 декабрь куни Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши ишга туширилди. Бу метро йўналишини лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган эди. Узунлиги 7 километрлик темир йўлда бешта бекат бор. Метрополитеннинг «Олмазор» бекати билан оралиқда 580 метрлик туннел қурилиб, ерусти ва ерости йўллари боғланган. Бекатлар миллий дизайн асосида пардозланган, электрон тўловли турникетлар, эскалатор ва лифтлар билан жиҳозланган. Бу йўналишда 214 ходим йўловчиларга хизмат кўрсатади. Унда кунига 35 минг йўловчи қатнаши мумкин. Ерусти метросининг тагида спорт майдончаси ҳам бор. Президент метро очилишига келди ва уни кўздан кечирди. Ерусти спорт майдончасида бўлди.
Сергели йўналиши келгусида Қўйлиқ бозоригача боради. Дарвоқе, ушбу йўналишда сайр қилмоқчи бўлсангиз, 1 январгача метрога шошилинг. Tashkent City’дан фарқли равишда, Сергели метроси 1 январгача бепул хизмат кўрсатади.
* * *
Тендер бу очиқ ёки чекланган сондаги иштирокчилар учун рақобатли савдо танловидир. Бозор муносабатларини шакллантиришда ва ривожлантиришда тендер кенг қўлланилади. Аммо тендер ҳақида кўча тилида «ким кўпроқ ташласа ўша ютади», деган гап бор. Буни ўзбекона таърифланса, буюртмачига ким яқин бўлса, тендерда ўша ютади. Бу ҳафта ана шунақа тендерларнинг гувоҳи бўлдик.
Андижонда «Milano Biznes Servis» деган МЧЖ бюджет маблағидан қурилаётган қарийб 20 миллиард сўмлик учта объектни барпо этиш учун пудратчи сифатида танлаб олинган. «Milano Biznes Servis» МЧЖнинг барча улуши Кодиров Мухиддин Абдураимовичга тегишли. Қизиқ тарафи — қарийб 20 миллиард сўмлик давлат буюртмасини олган компания эгаси айни пайтда худди ушбу қурилишларга буюртма берган давлат ташкилоти — Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг ҳам раҳбари ҳисобланади.
Бунақа шубҳали буюртма олган МЧЖлар саноқли эмас. «Андижон Ихлос Қурилиш» МЧЖ, «Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish» МЧЖ, «Шаҳрихон Қурилиш Грант» ва «Жаҳон Мамур Қурилиш» МЧЖларнинг эгаси ва буюртмалари аниқланганда бу ерда катта манфаатлар тўқнашуви борлиги маълум бўлиб қолди.
Жиззахликлар ҳам бу борада ортда қолмоқчи эмас. Жиззах вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси Жиззах шаҳри кўчаларини ободонлаштириш мақсадида манзарали дарахтлар ва мавсумий гуллар экиш учун буюртмачиларни танлаб олиш мақсадида танлов эълон қилган. Қарийб 1 миллиард сўмлик давлат буюртмасини My Flower МЧЖ ютган. Маблағ вилоят ҳокими Салиев Эргаш Алибекович фармойиши билан маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган қисмидан ажратилган.
2020 йилнинг февраль ойида Жиззах шаҳри кўчаларига мавсумий гуллар экиш объекти бўйича ўтказилган танловда ҳам My Flower МЧЖ пудратчи сифатида ғолиб бўлган. Лойиҳа қиймати 1 миллиард 69 миллион сўм. My Flower МЧЖ кимга тегишли? Албатта бегонага эмас, ҳокимбуванинг қизига. МЧЖнинг 50,80 фоиз улушига Салиева Наргиза Эргашевна, 49,20 фоизига эса Холмўминов Зоҳиджон Холмурод ўғли эгалик қилади. Корхона гуллар ва уларнинг уруғларини етиштириш билан шуғулланади, деб ёзмоқда «Davletov.uz» канали.
Гул экиш тендерида вилоят ҳокимининг қизи ютаверган бўлса, қурилишга оид тендерларда ҳоким ўринбосарининг қариндошлари улоқни бировга бериб қўймагани ҳақида «Жиззахча тендерлар – 2» мақоламизда ўқинг.
Энг муҳим ва муҳокамали хабарларни «Дарё»да ўқиб боринг. Бир йилдан сўнг яна ҳафталик дайжестда учрашгунча омон бўлинг.
Изоҳ (0)