Коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси 2020 йил 25 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётган шахслардан коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш экспресс тестини олиш тартибини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: «Gazeta.ru»

ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, экспресс тест аэропортларда, темир йўл вокзалларида ва чегара пунктларида Ўзбекистонга келувчиларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур тартибга кўра, COVID-19’га топширилган ПЗР тестининг манфий натижаси тўғрисида маълумотномага эга шахслардан ҳам экспресс тест олинади.

Экспресс тест натижалари мусбат чиққанда, беморлар коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади ёки уй шароитида даволанишга йўналтирилади.

Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги оператив штаби Ўзбекистонга келишни режалаштирган ватандошлар ва хорижий давлатлар фуқароларидан 2020 йил 25 декабрдан бошлаб жорий қилинадиган давлат чегарасини кесиб ўтишнинг янги тартибини ҳисобга олишни сўраган.