Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» сайтида ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.

Янги йил байрам тадбирларини ўтказмоқчи бўлганлар режани роппа-роса бир йилга орқага суриши мумкин. Бюджет ташкилотларига Янги йил муносабати билан корпоратив байрамлар ўтказиш тақиқланди. Вазирлик, идора, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларга корпоратив байрам тадбирларидан тежаб қолинган маблағни таълим, соғлиқни сақлаш, меҳрибонлик уйлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириш тавсия қилинади.

Шунингдек, ўқувчи ва талабалар иштирокида Янги йилга бағишланган байрам тадбирларини ўтказиш ҳам тақиқланди. «Президент арчаси» байрам тадбирлари фақатгина меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари учун ўтказилади. Фуқароларга янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш тавсия этилади.

Бир сўз билан айтганда – уйда қолинг!

* * *

Узоқ чўзилган иш бу ҳафта ҳам давом этди. 18 декабрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитасининг  UzAuto Motors иши бўйича берган апелляция шикояти кўриб чиқилди. Апелляция судлов ҳайъати тарафларнинг тушунтиришлари ва прокурорнинг фикрини эшитиб, ишни кўриш натижаси бўйича қарор қабул қилди. Қарорга кўра, биринчи инстанция судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Суд ишининг узундан узоқ тафсилотини бериб ўқувчини зўриқтирмоқчи ёки зериктирмоқчи эмасмиз. Тарафларнинг позицияси ва мақоми аниқ бўлган. Фақат бу ҳақда депутат Расул Кушербаевнинг ҳолат юзасидан шарҳини ҳавола қиламиз.

Антимонополия ва «Ўзавтомоторс» суди бугун тугади, менимча. Муаммо эса қолди.

Бироқ бу муаммонинг тугашими ё бошланиши, бу ёғини вақт кўрсатади. Энди очиқ айтаман: нима бўлгандаям мен бу ишлардан рози эмасман ва буни ҳеч қачон унутмайман!

Кимсан ўзинг, дегувчиларга эса айтмоқчи бўлганим: биз ҳеч бўлмаса ўрмонга ўт кетганда уни ўчирмоқчи бўлиб, бир томчи сув олиб кетаётган ва шу ҳаракати билан ўзининг қайси томонда эканлигини кўрсатмоқчи бўлган камида бир чумолимиз.

Биз халқ кўзини шамғалат қилиб, яширин имтиёз ва ёлғонлар билан ялло қилиб яшамоқчи бўлган барча монополистларга доим қаршимиз. Ва биз монополиячилик, ёлғончилик ишларида ватанпарварликни, ғурурни кўрмаймиз.

Ватанпарварлик аввало мардлик ва ростликдир. Ростакам ватанпарварлик ва ғурур ўлмасин, ишқилиб!

* * *

Баъзида бир зумда янги қоида пайдо бўлиб, бир зумда бекор бўлади. Ўтган йили апрелда куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши кераклиги белгиланган, аммо жамоатчилик норозилиги ҳисобга олиниб, мажбурий қоиданинг амал қилиши 2021 йил 1 январгача кечиктирилган эди. Шундай қилиб, келаси ойдан автомобилнинг кундузи чироқларини ёқиб юриши яна мажбурий бўлиши эслатилди.

Фото: «Zamin.uz»

Аммо бир гуруҳ депутат бу тартибни бекор қилишни сўраб Вазирлар Маҳкамаси ва ИИВга сўров киритди.  Орадан икки кун ўтиб, Ўзбекистонда кундузи автомобиль фараларни ёқиб юриш талаби бекор қилинди. Аммо автоколонна ва бошқа айрим ҳолатлар учун кундузи чироқни ёқиб юриш талаби сақланиб қолди.

* * *

Туркияда ўзбек журналистлари билан муаммолар кузатилмоқда. Шу ҳафта Ziyouz портали асосчиси Давронбек Тожиалиев Истанбулга киритилмай, Ўзбекистонга депортация қилинди. Туркия Ички ишлар вазирлиги миграция бўлими ходимлари кириш тақиқи учун бирор сабабни билмаслигини, тақиқ ҳукумат тарафидан қўйилганини билдирган. Давронбек Тожиалиев аввал ҳам Туркияга беш марта борган ва ҳеч қандай муаммо бўлмаган.

19 декабрь куни эса таниқли журналист ва сухандон Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олингани хабари тарқалди. У аслида бир ҳафта олдин ҳибсга олинган экан.

Абдукарим Мирзаев ва Давронбек Тожиалиев.

Абдукарим Мирзаев ва Давронбек Тожиалиев.
Коллаж: «Дарё»

Абдукарим Мирзаев Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти  эди. Адвокатнинг айтишича, журналист шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани учун қўлга олинган. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Ўзбекистонда унга нисбатан бирор жиноий иш очилмаган ва у қидирувда эмас, бинобарин, Ўзбекистон томони Мирзаевнинг ҳибсга олинишига алоқадор эмас.

Абдукарим Мирзаев Туркиядан депортация қилиниши мумкин.

* * *

Ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси, шубҳасиз, Tashkent City’га кириш пулли бўлганидир. 17 декабрдан бошлаб Tashkent City боғига байрам арафаси ва Янги йил кунларида кириш пуллик этиб белгиланди. Катталар учун кириш 10 минг сўм, ёш ва ногиронлик учун чегирмалар мавжуд. Бу дарҳол интернет фойдаланувчилари эътиборига тушди, юқоридаги хабар остида ҳам норози оҳангда ўнлаб изоҳ қолдирилгани буни тасдиқлайди.

Хўш, бунга Тошкент шаҳар ҳокими нима дейди? Жаҳонгир Ортиқхўжаев паркларни сақлаб туриш учун бошқа чора йўқлигини, бунга бюджетдан пул ажратилмаслигини, шу боис Tashkent City ўзини ўзи боқиши адолатли бўлишини айтди. Tashkent City халқаро ишбилармонлик дирекцияси раҳбари Баҳром Ризаев эса «Пуллик режимни бир ойга режалаштирганмиз» деди.

Фото: «UPL.uz»

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимовдан бунга муносабат сўралганида «Tashkent City дирекцияси – тижорий ташкилот. Нима учун пуллик этиб белгиланганлиги тўғрисида унинг эгаларидан ҳам сўраб кўриш керак. Бу ҳолатни ҳали ўрганмасдан туриб, хулоса бериш қийин... Бошқа боғларга борсангиз ҳам, айниқса, хусусий боғларнинг барчаси киришни пуллик қилиб қўйган», деди.

Шариатга мос келмагани боис яқинда санъатни тарк этган собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов Тошкент шаҳар ҳокимига видеомурожаат қилиб, «...азиз халқим, деб Tashkent City’га таклиф қиляпсиз, у ерга киришни 10 минг сўм қилиб қўйибсизлар. Энди бу уят, тўғриси, уят. Ўша ерда ҳам 10 минг олинглар энди», деди.

Ҳозирча тўплаган янгиликларимиз шулар. Tashkent City’га бормоқчи бўлсангиз, ёнингизда 10 минг сўм олишни унутманг. Карантин қоидаларига риоя қилинг.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
“Тез ёрдам машинаси 5 йилда икки бараварга кўпайди, битта чақирув дориси 640 сўмдан 7,5 минг сўмга ошди”. “Дарё” тиббиётдаги ўзгаришларни Наманган вилояти мисолида...
Спорт
Бундеслига. “Боруссия Д” ўз майдонида рақибини тор-мор этди 
Шоу-бизнес
Instagram: Аэропортда дабдаба билан кутиб олинган Liil Хуррамов, қўшиқ куйлаган Абдуҳошим Исмоилов, янги раққосаларни кашф этаётган Юлдуз Усмонова