«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Лойиҳанинг бу галги қаҳрамони — тўққиз йилдан бери Россияда ишлаётган киши.
Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.
Йилларни тахминан ёзаман, сабаби тўққиз йиллик Россия ҳаёти хотирамни анча пасайтирган.
Мактабда яхши ўқиганман. Улғайиб, кимдир бўлишни, ҳаётда ўз ўрнимни топишни орзу қилардим. Аммо соддалигим туфайли келажагимга, орзуларимга нуқта қўйилган. Келинг, ҳаммасини батафсил айтиб бераман.
9-синфни битириб, туманимиздаги бизнес мактабида қишлоқ хўжалик ҳисобчиси, озиқ-овқат моллари сотувчиси йўналишида ўқиганман. У ерга мени ўқишга олиб борган инсонни ҳам унинг гапларига лаққа ишонган ўзимни ҳам ҳалигача кечиролмайман.
Бизнес мактабида 10-11-синфни тамомлаб, Навоий давлат педагогика институтига ҳужжат топширишга борганимда, ҳужжатларим қабул қилишмаган. Сабаби, менда 11-синфни тугатганим тўғрисидаги аттестат ўрнига бизнес мактабидан берилган диплом бор эди холос. Ўша мактабда фақат касбга оид дарсликлар ўтиларди, масалан, товаршунослик ва ҳоказолар. Она тили, адабиёт, тарих каби фанлар ўтилмасди. Шу боис дипломимда бу дарсларнинг баҳолари бўлмаган. Ўқишга қабул қилиш учун бу жуда аҳамиятли эди. Қанийди, ҳаммасини ортга қайтариб бўлганда...
Ўшанда деканми, ректорми, ёдимда йўқ, ҳужжатларим билан хонасига кириб, «наҳотки мен бир умрга ўқишга топширолмасам, ахир мен бошқа давлатда эмас, ўзимизнинг юртда ўқидимку? Ҳужжатлари ўтмас экан, нега давлат бунақа бизнес мактабларни очган, нега ёпмаяпти, деб сўраганман. У саволларимга жавоб бермай, хонасидан чиқариб юборган. Кетишимда яна «мабодо таниш-билишчилик қилиб, сохта баҳолар ёздириб келсанг, ўзингдан кўр. Мен сени эслаб қолдим», деб айтган.
Аслида менга йўл-йўриқ кўрсатиб, ҳимоя қиладиган, ўша таниш-билишни ўзи бўлмаган, агар бўлганида шунақа сарсон бўлиб юрармидим? Хуллас, бошқа олийгоҳларга ҳам шу дипломни деб ҳужжатларим қабул қилинмаган.
Ота-онамни кўп хафа қилганман
Бухгалтерия соҳаси мен учун эмасди. Бор-йўғи икки ой шу касб бўйича ишладим ва ишдан бўшадим.Ҳаётдан совиганим, қизиқишим сўнгани учун яшагим келмасди. Доим кундалик юритардим. Ўша кундаликларимнинг кўпини тандирда ёққанман. Боиси, онам топиб ўқиб қолганлар. Ўзини бир нима қилиб қўймасин деб, қўрқиб, доим мени кузатиб юрадиган бўлган. Чунки кундалигимда фақат ушалмаган орзуларим, тез орада ўлишим ҳақида ёзардим.
Уч йил туманимиздаги бир фермер хўжалигида ота-онам, синглим ва укам билан далада ишладик. Эрта-ю кеч кетмон чопишни ўзимга раво кўрмасдим. Нега унда бунча ўқидим, ўқимаганимда эди, ҳаёт шу экан деб, сабр қилиб юрган бўлардим. Нимага мен бошқаларга ўхшамайман? Нега бу оилага туғилдим, деб ота-онамни кўп хафа қилганман.
Ҳозир бундан жуда пушаймонман ва шу оилада туғилганимдан фахрланаман.
Кўп китоб ўқиганим учун ҳаёт ва одамлар чиройли кўринарди
Кейин Тошкентга кўчиб кетдим. Хаёлимда у ерда яхши инсонлар кўп, мендаги қобилиятни кўриб ёрдам беришади деб ўйлардим. Кўп китоб ўқиганим учун ҳаёт ва одамлар чиройли кўринарди. Бироқ ҳаёт бошқа, китоб ва кино бошқа экан.Тошкентда бошдан кечирганларим ҳам бир кино. У ерданам қайтиб келгач, Навоий шаҳрига бориб, дуч келган дўконлардан, одамлардан иш сўрадим.
Бир қанча вақт сутни қайта ишлаш корхонасида, кейинроқ йўл тузатувчи бўлиб темир йўлда ишладим.
Ишдан бўшаганимдан сўнг, танлов асосида НТТ телеканалига кирдим. Бирор маротаба маош олмаган бўлсам-да, бахтли эдим. Чунки ўзим орзу қилган касбда ишлардим. Тўйларда бошловчилик қилардим. Кўпинча таниш-билиш ва қариндошлар тўйларида хизмат қилиб, пул сўролмаганимдан учун оила боқолмадим.
Кейин бир кафеда официантлик қилдим. Очиғи, бу ишда яхши пул топдим. Бу орада уйландим.
Қизларимнинг келажаги учун Россияга кетдим
2011 йил ота-онамни қаршилигига қарамай, Россияга келдим. Сабаби, кўпчилик тенгдошларим аллақачон уй-жой қурганди. Бу орада иккинчи қизим ҳам дунёга келганди. Уларни келажагини таъминлаш ва мендай сарсон бўлмасдан, яхши ўқиб, институтларга кириб, айнан телевидениега ишга кириб, касбимни давом эттиришлари учун шароит яратишим керак эди.Худога шукур, айни дамда иккала қизим ҳам яхши ўқийди. Каттаси синф сардори. Молга қараш, далада кетмон чопишдан озод, мунтазам дарс қилади. Стол-стул, китоб жавони, ҳатто ноутбукларгача олиб берганман.
Бошида Россияга келганимга минг пушаймон бўлганман
Кўчаларда қолиб, очликдан қор еб, ўрмон ўртасидаги вагончаларда ётиб қийналганман. Аммо қўни-қўшни, хотин уруғ олдида қандай қуруқ қўл билан қайтаман деб, қолишга мажбур бўлганман.Уйдагиларга қўнғироқ қилганимда, хавотир олишмасин деб бу ерларни доим мақтардим.
Тўққиз йил мобайнида жуда кўп шаҳарларда, ишхоналарда ишладим. Шундай кунлар бўлди, русларнинг Пасха байрамида қабристонларидан ширинлик ва қайнатилган тухумлар олиб келиб едик. Бироқ Яратганнинг берган ҳеч бир синовидан нолимайман. Айнан шу синовлар мени кучли, иродали қилди.
Россияда қилмаган ишим қолмаган
Бошида ишни цементни қайта ишлаш цехидан бошладим, кейинчалик бир бухоролик танишим орқали арманиларнинг кафесига жойлашдим. Кичкина дўконда шерикларим билан шаурма ва бошқа пишириқларни тайёрлаб сотардик.Бироқ юртдошларимизни ҳимоя қилиб, бизни қулдай хоҳлаган кўйга солишларига қарши бўлганим учун у ердан ишдан кетдим. Кейинчалик ширинлик цехида, Шарқ ошхонасида ошпаз бўлиб ишладим.
Ўтган Янги йил олди уч ойлик маошимизни ололмай, ишсиз ва пулсиз қолдик
20 га яқин ўзимизнинг йигитлар билан ишлардик. Ҳозир саккиз киши қолдик. Чунки Новосибирскдаги ишхонамиз ёпилиб, ўтган Янги йил олди уч ойлик маошимизни ололмай, ишсиз ва пулсиз қолдик.Ишхонамиз ва иш юритувчилардан нолимайман. Улар қасддан бизни алдаб, пулсиз қолдиргани йўқ. Яхши ҳақ тўлашарди. Заводда иш тўхтаб қолганида ҳам «бу бизнинг айбимиз, сизлар ишлаш учун узоқдан келгансизлар», деб, ишламаган кунимизга ҳам ҳар биримизга кунига 750 рублдан ёзиб боришди.
Шу йили февраль—март ойларида анчагина пулларимизни тўлашди. Озроғи қолди. Бировни ишлатиб, ҳаққини олиб егандай бўлмай деб ўз укамнинг пули ҳисобидан жамоамдагиларга бердим.
Томскда қайта ҳужжат қилиб, яна бир арралаш цехида ишладик. Бир ташландиқ уй беришди. Ўша уйни таъмирлаб икки ойча ишладик. Жуда кам маош беришарди. Қиш куни борадиган жойимиз йўқлиги учун сабр қилдик.
Шу йили мартда хитойлик танишимнинг таклифи билан Чита шаҳрига келдик. Россияда бир вилоятга қилинган патент иккинчисига ўтмагани учун қайтадан ҳужжат қилдик.
Таржима қилиш учун ҳам минг бир баҳона топишди. Мақсад — янги патент ва пул . Энг ачинарлиси, карантин бошланди.
Минг азобда шаҳарга ҳужжат топшириб, 700 километр узоқликдаги арралаш цехига бир неча постларни текширишларидан ўтиб келдик. Бахтимизга бу ерга кўп текшириш келмас экан. Маоши ҳам яхши. Ишламай юрган кунларимиздаги пулларни ҳам шу ердан топдик.
Президент қарорларига қарамай ўз вақтида, болаларни патентини тўлаб, пропискага қўйиб юрдим. Чунки патент топшириб олиб, кўп харажат ва сарсонликлар кўргандик. Ҳозир «вид на жителство» олганман. Айни дамда Чита шаҳри яқинидаги ўрмонда арралаш цехида бригадир бўлиб ишлаяпман.
Кўрган уқубатларим олдида бу ернинг шароити мен учун шоҳона
Эрталаб 07:00 дан кечги 19:00 гача ишлаймиз. Орада қисқа танаффуслар бор. Дам олишни ўзимиз белгилаймиз. Харажатимиз кўплиги учун тинмай ишлашга ҳаракат қиламиз. Ойда бир ёки икки кунгина дам оламиз.Қўл остимдаги болаларнинг ош-овқатини тайёрлайман. Ҳужжатлари билан шуғулланаман. Ёғоч уйда яшаймиз. Вагонни ошхона қилганмиз. Ўзимизга керакли шароитни яратиб олганмиз. Яшаш жойимиз бепул. Фақат уй ўрмонда жойлашгани учун алоқа яхшимас. Чеккароққа чиқиб, уйдагилар билан гаплашиб келамиз. Ҳозир Wi-Fi ўрнатишган. Оз-моз ишлайди. Бошқа камчилигимиз йўқ.
Кўрган уқубатлар ва сарсонликлар олдида бу ернинг шароити мен учун шоҳона. Карантин бўлишига қарамай, ишлаб турдик. Чунки аҳоли яшайдиган пунктдан анчагина узоқда. Фақат озиқ-овқат учун чиқмасак, бошқа пайт чиқмаймиз.
Ҳозир 500 доллардан ортиқ маош олиб келяпмиз. Фақат ёғингарчилик кўп бўлгани туфайли август ва сентябрь ойида ишлолмадик. Шунга қарамай раҳбарларимиз, икки ойлик патент, прописка ва еб-ичимиз учун ўз ҳисобларидан пул ажратишди. Октябрдан қайта ишни бошладик. Умуман олганда, ишимдан мамнунман.
Ҳозирги маошимни ярмини Ўзбекистонда топганимда эди...
Биласизми, телевидениеда ишлаб, бу ерда топаётган маошимнинг ярмини топганимда эди, тўққиз йилдан бери қизларимни вояга етаётганини, туғилган кун, байрамларда кўрмай Россияда юрмасдим.
Бир йили Россиядан қайтгач, Ўзбекистонда қолмоқчи бўлиб, бир кафедан иш топдим. Маоши 800 минг экан. Ўша пайт ижара ҳақининг ўзи 400 минг сўм эди. Қўлимда ҳунарим, дипломим йўқ, айтинг қаерда ишлай олардим. Шу ойликка оиламни боқолармидим?
«Сендайлар Ўзбекистонга ҳам керак эмас»
2015 йил февраль ойида Томскнинг Асино шаҳридаги арралаш заводида ишлаб юрган 24 ёшли жиянимни бехосдан ишда миясига қон қуйилди. Инсульт бўлиб, бир ой комада ётди. Олдинига ишхонада кимдир урди ёки бирор техник муаммодан бўлди деб ўйладик, адашибмиз.Шифокорлар биринчи ёрдамни кўрсатди. Иккинчи нурли операция учун бир ҳафта давомида 100 минг рубль пул топиб боришим керак эди. Бир ҳафта ичида бунча пул тополмаслигим аниқ эди.
Иш юритувчимиз Ирина Павловна билан моддий ёрдам сўраш мақсадида Томскдаги консулга бордик. У ерда бухороликми, ғиждувонликми, бир акахон ишларкан. Илтимос қилиб, вазиятни тушунтирдик. У эса ёрдам қилолмаслигини айтди.
«Сиз муҳожирларга ёрдам беролмасангиз, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? Наҳот шундай оғир пайтларда давлат ёрдам кўрсатмаса?» деганимга, у «сендайлар Ўзбекистонга ҳам керакмас, керак бўлганларингда бу ерларга эмас, юртимизда юрган бўлардинг», — деганди.
«Ундай бўлса, ўзингиз Россияда нима қилиб юрибсиз? Яна бир вагон қариндошларингиз билан!» деб чиқиб кетганман.
Биламан, бировга ёмонлик тиламаслик керак, лекин ўша пайтда гаплари жонимдан ўтганидан у ва унга ўхшаганларнинг фарзандлари биздай сарсон бўлишини, шу кунлар бошига тушишини Худодан сўраганман.
Пул тополмай сарсон бўлишимни кўраётган шифокорлар «шунча пулга операция қилганимиз билан барибир олдингидай бўлмайди, бир умрга ногиронлар аравачасида қолиши ё жинни бўлиб қолиши мумкин. Яхшиси сунъий ҳаво берадиган аппаратни ўчирайлик», дейишган. «Менга жияним ҳар қандай шароитда тирик керак, ўлигини уйга олиб бормайман», деб бақириб чиқиб кетганман.
Ирина Павловнанинг ёрдами билан ишхонамизда ҳар бир ўзбек учун бериладиган 400 минг рубль миқдоридаги тиббий полис борлигини аниқладик. Моддий ёрдам билан барча муолажалар самарали ўтди. Жиянимни уйга соғ-саломат олиб бордим. Айни пайтда оилали, бир нафар ширин қизалоғи бор. Ҳозирда қайта Россияга келиб ишлаш учун пул тўплаяпти.
Шу воқеадан сўнг қайтиб, Ўзбекистон консул идораларига мурожаат қилмаганман.
Россияда ишлаб ниятларимга эришдим
Шунча қийинчилик кўрсам ҳам Худога беҳисоб шукур, тўққиз йил давомида ўзим орзу қилган ҳовли жой қилдим. Навоийдан икки хонали квартира олдим. Охирги ниятим укам билан бирга яна бир неча йил ишлаб, пул йиғиб, Ўзбекистонда тадбиркорликни бошламоқчимиз.Укам қурилиш соҳасига жуда қизиқади. Интернетлардан доим ҳар хил, қурилиш ускуналарини кузатиб боради. Кредит билан иш бошлаш ниятимиз йўқ. Ўз пулимиз билан бошлаймиз. Чунки бизни йўл-йўриқ кўрсатиб, қўллаб-қувватлайдиган тадбиркор қариндошимиз йўқ. Зарар кўрсак ҳам ўзимизнинг пулга куямиз. Давлат берган кредитига эмас. Ахир уни ҳам тўлаш бор.
Ўз ҳаётингиз билан яшанг
Кўп мақол, кўп ибора бор, лекин ҳаммаси ҳам бизга тўғри келавермайди. Эскилар дарахт бир жойда кўкаради, дейишади. Аммо мен мақолга амал қилсам, ўша фермер хўжалигида кетмон чопиб ишлаб юришим керак эди. Кетмоним ҳеч қачон учмасди. Дунёда шундай чиройли жойлар борлигини билмасдим.Инсон дарахт эмас. У доим ҳаракатда, изланишда бўлиши керак
Ҳаётда ўз йўлини тополмаётган укаларимга маслаҳатим, ҳеч қачон таслим бўлманг. Ҳаётнинг зарбалари-ю қийинчиликларида синиб қолманг. Ўзимдан мисол, Аллоҳнинг ҳар бир бандаси учун ажратиб қўйган, ёруғ кунлари бор экан. Ниятни покланг, ҳаракат қилинг, излаган имкон топар.Яхшиям беш маротаба жонимга қасд қилганимда, Худо мени асраган экан. Асрамаганида шундай орзу-ҳавас ва фарзандларимни кўрмай ўлиб кетармидим. Ҳар куни шукур қилиб чарчамайман.
Далада кетмон чопиб, фақат пахта пайти қўлим пул кўриб, эски кийимсотарлардан кийим олиб юрганимда кимдир кун келиб, ҳозиргидаги уй-жойим ва квартирам бўлишини айтганида ишонмасдим. Эртагингни бошқасига айт дердим.
Ўқишга киролмаган пайтларим қаттиқ ўқиганим учун афсуслангандим, аммо ўша билимларим сабаб ҳаётда ўрнимни топдим.
Ҳозир фарзандларимга ҳам имкон борида ўқиб олинглар. Фақат университетга кириш, диплом олиш учун эмас, ўзингиз учун илм олинглар дейман.
Энг муҳими, ҳаётдан ҳеч қачон нолиманг. Қўлингиздаги имкониятни кимдир олиб қўйса ҳам пешонангизга ёзилганига ҳеч ким тўсқинлик қилолмас экан. Ҳар кимнинг бир оғриғи, армони бор. Айримларга ўхшаб YouTube’га чиқволиб нолимасдан, ўзингиз учун ўзингиз ҳаракат қилинг. Курашаверинг, чунки сизга бахт беришга ҳеч ким мажбур эмас.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди