Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Важние истории» нашри Россия президентининг собиқ куёви деб тахмин этиладиган, Россиянинг энг йирик нефть-кимё компанияси — «Сибур» директорлар кенгаши аъзоси Кирилл Шамаловга бағишланган текширувини эълон қилди, деб ёзади Meduza. Тадқиқот Шамаловнинг 2003—2020 йиллардаги 10 мингдан ортиқ электрон хатларидан иборат архивга асосланади, уларни журналистларга аноним манба тақдим этган.

Фото: «Og.ru»

Фото: «Og.ru»

Шамаловнинг хатларидан маълум бўлишича, 2013 йилнинг 23—25 февралида бизнесмен Ленинград вилоятидаги «Игора» тоғ-чанғи курортида Владимир Путиннинг қизи деб тахмин этиладиган Катерина Тихоновна билан тўй қилган, улар болаликдан таниш бўлган. Журналистлар Шамаловнинг хатлари орасидан тўй ташкилотчилари билан ёзишмаларни, меҳмонлар учун таклифномаларни, шунингдек, тўй суратларини топган.

Шунингдек, хатларда Шамалов ва Тихонованинг Рублёвкадаги Усово қишлоғида жойлашган уйини жиҳозлаш ҳақида ҳам айтилади, уни нашр 15-17 миллион еврога баҳолади (ер, уй, мебель ва қурилмалар билан биргаликда). Шунингдек, ёзишмаларда Франциянинг Биарриц шаҳридаги уй ҳам тилга олинади, уни Шамалов 2012 йил октябрида Путиннинг дўсти, бизнесмен Геннадий Тимченкодан 4,5 миллион еврога сотиб олган.

2013 йил июнида, тўйдан кейин кўп ўтмай, Шамалов, хатларга кўра, «Сибур» акцияларининг 3,8 фоизини 100 долларга сотиб олган, улар, Шамаловнинг ўзи баҳолашича, аслида 380 миллион долларга яқин нархда бўлган. «Сибур» бошқарув раиси Дмитрий Конов буни изоҳлар экан, нашр журналистлари «нотўғри рақамлар»дан фойдаланаётганини, Шамаловга акцияларни сотиб олиш бўйича эксклюзив шартлар тақдим этилмаганини таъкидлади.

2014 йил 1 августда Шамалов Геннадий Тимченкодан «Газпромбанк» кредитлари эвазига «Сибур» акцияларининг яна 17 фоизини сотиб олди. Қайд этиш жоиз, банк директорлар кенгашига Шамаловнинг акаси Юрий ҳам киради. Ёзишмалар орасидан журналистлар ушбу акцияларни «сунъий қарздорлик яратиш» ва уни акциялар пакети билан сўндириш орқали сотиб олиш схемаси ҳақидаги маълумотларни топди.

2018 йил январида Bloomberg агентлиги Шамалов ва Тихонова ажрашгани ҳақида хабар берди. Шамаловнинг ёзишмалари архивида Тихонованинг сўнгги хати 2017 йил 15 июнь санасига эга. Бундан сал аввалроқ, 2017 йил апрелида Шамалов Тимченкодан сотиб олинган ва, Bloomberg манбаларига кўра, унга дастлаб Владимир Путин томонидан ишонч кафолати сифатида берилган «Сибур» акцияларини сотган.

Кирилл Шамалов ва Кетрина Тихонова «Важние историй» нашрининг саволларига жавоб беришдан бош тортди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда «бундай саволлар кўп маротаба жавобсиз қолдирилгани»ни айтди.

2018 йилда АҚШ Кирилл Шамаловни 24 нафар россияликлар — миллиардерлар ва юқори мансабли амалдорлар, шунингдек, бир нечта компаниялардан иборат санкция рўйхатига киритган эди. АҚШ молия вазирлиги рўйхатга «Путиннинг режимидан манфаат кўраётган ёки Россиянинг зарарли хатти-ҳаракатларида асосий ролни ўйнаётган » одамлар киритилганини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Путиннинг иккинчи қизи — Катерина Тихонованинг Кирилл Шамалов билан тўйи 2013 йилда бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.

Путин ўз қизлари ҳақида хавфсизлик каби нуқтаи назарлардан гапириб ўтирмаслигини таъкидлаган. «Улар бизнес ва сиёсат билан шуғулланмайди. Улар ҳеч қаерга бурнини суқмайди», — дейди Путин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда январь ойида кимларга энг юқори маош таклиф қилинди?
Дунё
“Россия ютқазади, Украина ғалабаси дунёни ўзгартиради”: Зеленский Буюк Британия парламентида нутқ сўзлади (видео)
Маҳаллий
Қорақалпоғистондаги уйда газ портлаши оқибатида бир киши вафот этди