Жиззах вилоятида тадбиркорлик субъектларига асоссиз равишда ер участкалари ажратиб бериш ҳолатлари юз берган. Бу ҳақда Ўзбекистон Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров маълум қилди.
Сенаторнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ерлар электрон тизим орқали ижарага берилиши керак, бироқ бу тизимга фақат «кераксиз, одамга фойдаси тегмайдиган ерлар» чиқарилмоқда.
— «E-ijro» тизими бўйича савдо бўляптими десангиз, йўқ, савдо бўлмаяпти. Аммо туманнинг ичига кириб, ҳокимнинг қарорини кўтарсангиз, яхши, ишлаш мумкин бўлган жозибадор ерлар ҳеч қандай «E-ijro»сиз, ҳокимнинг қарори билан бериб юборилганини кўрасиз. Ҳатто бу ер берилгани учун вилоят, туман бюджетига пул ҳам тушмаган, — деди сенатор.
Мадумаровнинг алоҳида қайд этишича, бундай ҳолатлар вилоятнинг Шароф Рашидовнинг туманида 16 та, Ғаллаорол туманида 6 та аниқланган.
Изоҳ (0)