Иккинчи жаҳон урушидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам ғарбнинг айрим давлатлари бир неча маротаба СССРга қарши бир неча йирик босқинларни кўзлаган эди. 1945 йилнинг 3 декабрида АҚШ Совет Республикасининг 20 та шаҳрини Пентагон самолётлари орқали портлатишни режа қилгани маълум бўлди. Портлатилиши режалаштирилган шаҳарлар орасида Москва, Боку, Тошкент каби пойтахт шаҳарлар ҳам мавжуд эди. Бу ғарб давлатларининг СССРга қарши биринчи режаси ҳам, сўнгги режаси ҳам эмас эди. Бироқ уларнинг ҳеч қайсиси амалга ошмади...
АҚШнинг режалари
1945 йил 14 декабрда АҚШ ўтказган йиғилишда Иккинчи жаҳон урушида АҚШга иттифоқдошлар бўлган СССРга қарши курашишнинг ягона йўли атом бомбаларидан фойдаланишдир, деган хулосага келинди. Чунки Иккинчи жаҳон уруши даврида СССР атом бомбаларига эга эмас эди. Бироқ ядровий қуроллардан фойдаланиш тескари натижа ҳосил қилиши, яъни СССР халқини ўз ҳукумати атрофида бирлашиб, жипслашишига олиб келиши мумкинлиги ҳам назардан четда қолмади.Яна бир муаммо шунда эдики, АҚШ ўзи режалаштирган ҳужум учун етарли миқдордаги атом бомбаларига эга эмас эди. Аслида, АҚШ ушбу режа тўғрисидаги маълумотлар рақибга етиб боришини кўзлаган ва атом бомбаларини амалда қўлламасдан туриб, рақибга таъсир кўрсатишга умид қилган эди. Бу каби хуфиёна режалар ғарб мамлакатлари учун ўзига хос бўлиб, ўзаро иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилган пайтларда ҳам «фавқулодда» режалар тайёрлаб қўйиларди.
АҚШнинг машҳур режаларидан бири бўлган «Троян» режасига кўра, 300 та атом бомбаси ва 20 мингта оддий бомба Россиянинг юзлаб шаҳарларини вайрон қилиши керак эди. Бунинг учун эса самолётларнинг олти минг маротаба қатнови талаб қилинарди. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу ҳужум Совет Иттифоқи учун даҳшатли оқибатларга олиб келар, ҳужумнинг муваффақиятли чиқиш эҳтимоли етмиш фоизга яқин эди. Бироқ улар иттифоқда қўзғалон келиб чиқишидан хавотирланарди.
Қўзғалон кенг тарқалиш ва хавфли оқибатларга олиб келиши эҳтимоли мавжуд эди. Шу сабабли, Америка ўз режасини бекор қилишга мажбур бўлди. АҚШ Ҳаво кучлари Бош генерали С.Андерсон Америка ҳаво кучлари бутун бошли «Троян» режасини амалга оширишга қодир эмаслиги, шунингдек, ҳаво кучлари Америка ҳудудини тўла ҳимоя қилишга имконсиз экани тўғрисида маълумот берди. «Троян» режаси амалда қўлланилганида, у «Ҳирошима»даги портлашнинг янги ва янада даҳшатлироқ кўриниши бўлган бўларди.
Бошқа бир йирик режа эса 1949 йил декабрда вужудга келган «Дропшот» режаси эди. Режага кўра, 300 та атом бомбаси ва 250 тонна оддий бомбалар самолётларга юкланган бўлиши керак эди. «Дропшот» режасига кўра, Москвага 25 та, Ленинградга бўлса 22 та атом бомбаси ташланиши кўзланган эди. Ҳужум амалга оширилгач, босиб олинган ҳудудлар тўртга: ғарбий СССР, Урал билан Марказий Осиё ҳудудлари, Сиберия ва Узоқ Шарқ бўлинар ва бу ҳудудлар АҚШнинг пиёда аскарлари томонидан эгалланиши назарда тутилган эди. Партизанлар ва бошқа кучларга қарши босим эса бевосита ўзлари томонидан эмас, балки маҳаллий бошқарувчилар орқали амалга оширилиши ва бу орқали турли исёнларнинг олди олиниши режада қайд этиб ўтилган эди.
АҚШ ўз ҳисоб-китобига кўра, атом бомбаси орқали 100 миллионлаб Совет фуқароларини ҳалок қилиш мумкин, деб ҳисоблар ва шу туфайли ўз кучига ишонарди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, бу пайтга келиб СССР ўзининг ядровий қуролларига эга бўлишга улгурган эди. Натижада, Американинг ядровий қуроллар орқали қилмоқчи бўлган таҳдиди аҳамиятини йўқота бошлади. Аслида, Американинг бу каби режалари Учинчи жаҳон урушига тайёргарлик бўлиб, СССРдан ташқари Хитой, Монголия, Шимолий Корея ва Финляндия каби давлатлар ҳам мўлжалга олинган эди.
Нега Учинчи жаҳон уруши содир бўлмади?
Нима учун Америка Совет Иттифоқига ҳужум уюштириб қўя қолмади? Бунинг асосий сабаби — яқиндагина тугаган Иккинчи жаҳон уруши эди. Иккинчи жаҳон урушида Қизил армия дунёдаги энг кучли қўшинни — Германия қўшинларини тор-мор эта олди. Германия бу урушга пухта тайёргарлик кўрган бўлишига қарамай, СССР Гитлер Германиясига мардонавор қаршилик кўрсатиб, ўз кучини кўрсата олишга муваффақ бўлди.Ядровий уруш келтириб чиқариш орқали бундай кучли давлатни майда майда бўлакларга бўлиб, жангни давом эттириш мушкул бўлган ва фавқулодда режалар бундай вазиятда иш бермаслиги мумкин эди. 1949 йилдан сўнг эса ўз ядровий қуролларига эга Совет Иттифоқига қарши курашиш хавфи янада ошди. Қисқа қилиб айтганда, Америка СССРга ҳужум уюштирган тақдирда иккала томон ҳам катта зарар кўрар, аммо нима бўлган тақдирда ҳам СССР Атлантика океанигача етиб бора оларди. Уруш оқибатида АҚШ доимий таҳдид остида қолиши мумкин эди, бундай таҳликали вазият эса АҚШни хотиржамликдан маҳрум бўлишига олиб келган бўларди. Шу каби омиллар ядровий урушларнинг ва Учинчи жаҳон уруши рўй беришининг олдини олишга хизмат қилди.
Раҳимжон Қудратов тайёрлади.
Изоҳ (0)