Ўзбекистон умумий қиймати 750 миллион доллар бўлган доллар ва ўзбек сўмида деноминация қилинган халқаро облигацияларнинг иккита траншини жойлаштиришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистон ҳукумати 17 ноябрдан бошлаб АҚШ, Буюк Британия, Дания, Австралия ва БААдан бўлган қарийб 90 нафар инвестор билан аудиоконференциялар ўтказган.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, долларда деноминация қилинган траншнинг миқдори 500 миллион долларни ташкил қилади. Даромадлилиги 4,25 фоиз миқдорида ўрнатилган мазкур транш 10 йил муддатга чиқарилади. Уни сўндиришнинг охирги муддати 2030 йилнинг ноябрь ойи ҳисобланади. Сўмда деноминация қилинган ебробондларнинг қиймати 250 миллион долларга тенг. Уларнинг даромадлилиги 15,25 фоиз этиб белгиланган бўлиб, мазкур транш 3 йил муддатга чиқарилади. Иккала транш ҳам Лондон фонд биржасига жойлаштирилади.

«Халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга келажакда ички молия бозорига, жумладан, давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади», — дейилади вазирлик хабарида.

Лондон вақти билан 19 ноябрь соат 09:00 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди. Кун давомидаги буюртмалар китобининг ҳажми ва инвесторларнинг таклифларидан ҳамда молия бозорларидаги ҳолатдан келиб чиқиб, суверен халқаро облигацияларнинг ҳар икки транши бўйича купон ставкаларини белгилаш жараёни 19 ноябрь куни якунланади.

Халқаро облигацияларни жойлаштириш бўйича андеррайтер банклар сифатида Сiti (АҚШ), J. P. Morgan Сhase (АҚШ), Societe Generale (Франция), VTB Capital (Россия) ва «Газпромбанк» (Россия) иштирок этади. Юридик консултант сифатида White & Case LLP (Буюк Британия) танланган.

2019 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бўлиб 1 миллиард долларлик 5 ва 10 йиллик евробондларни чиқарганди. Жойлаштириш Лондон фонд биржасида бўлиб ўтган, муомала чиқарилган халқаро облигациялар 500 миллион долларлик икки траншга бўлиниб, 2024 ва 2029 йилларда сўндирилади. Молия вазирлигининг таъкидлашича, ўшанда савдолар очилгандан сўнг буюртмалар ҳажми (талаб) 8,5 миллиард доллардан ошган, Ўзбекистон эса 1 миллиард долларлик халқаро облигацияларни чиқарган.

Евробондлар — бу эмитент учун чет эл валютасида кўрсатилган узоқ муддатли қимматли қоғозлар. Евробондлар халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, йирик корпорациялар томонидан узоқ муддат — 1 йилдан 40 йилгача маблағ олиш учун чиқарилади. Қайта сотиб олиш маълум вақтдан кейин амалга оширилиши керак. «Евро» префиксига қарамай (биринчи бундай қимматли қоғозлар Европада пайдо бўлган), бугунги кунда улар турли хил валюталарда турли бозорларда чиқарилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил ноябрь ойи охирида Молия вазирининг ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 2020 йилда Ўзбекистон камида 500 миллион доллар миқдоридаги давлат евробондларини қайта чиқариши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. 2019 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бўлиб умумий қиймати 5 миллиард долларлик бўлган 5 ва 10 йиллик евробондларни жойлаштирди.