Ўзбекистон илк бор архитектура ва санъат оламида кенг кўламли тадбир — XVII Халқаро меъморчилик биенналесида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Livejournal

Биеннале — ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган кўргазмадир. XVII Халқаро меъморчилик биенналеси 2021 йил 22 майдан 21 ноябрга қадар Венецияда бўлиб ўтади.

Унда Ўзбекистон ўзининг «Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти» деб номланган миллий лойиҳасини тақдим этади. Миллий павильон биенналенинг асосий жойлари — «Арсенал» ва «Гиардини» чорраҳасида, мезбон Италия павильони билан ёнма-ён жойлашади.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ушбу лойиҳага Цюрихдаги Швейцария олий техник мактабини жалб этди. Унинг профессорлари Эммануэль Крист ва Кристоф Гантенбеин кўргазманинг куратори сифатида иштирок этади.