Вояга етмаган 16 ёшли Ҳамидулло Р. 2020 йилнинг 7 ноябрь куни соат 22:30 ларда Наманган шаҳар «Соҳил» МФЙ ҳудудида мактабдоши, вояга етмаган 17 ёшли Ғиёсиддин Н. билан «Нега яхши кўрган қизимга SMS жўнатдинг» деб, ўзаро жанжаллашган. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилмоқда.

Оқибатда у Ғиёсиддиннинг қорин соҳасига пичоқ билан бир маротаба қасддан уриб, тан жароҳати етказган.

Ҳодиса содир бўлган жойга етиб борган тезкор тергов гуруҳи жойни кўздан кечириб, Бодомзор кўчасидан оқиб ўтувчи ариқ бўйидан тан жароҳати етказишда фойдаланган бир дона ёғоч сопли ошхона пичоғи ҳамда ҳодиса жойдаги қон доғларини аниқлаб, процессуал тартибда расмийлаштирган.

Фото: Тергов департаменти

Тиббий маълумотномага кўра, жабрланувчининг қорнида санчилган, кесилган тарзидаги жароҳати бўлиб, чарви инвентаризацияси, жароҳатидан қон сизиб чиқиши кўрсатилган.

2020 йилнинг 9 ноябрь куни кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан жабрланувчи касалхонанинг жонлантириш бўлимида олган оғир тан жароҳати оқибатида вафот этган.

Фото: Тергов департаменти

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Ҳамидулло Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганга.

Ҳозирда Ҳамидулло Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фото: Тергов департаменти

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилиши таъкидланган.

Аввалроқ Тошкентда Ёшлар иттифоқи ва маҳалла фаоллари суддан ўз танишига 13 марта пичоқ урган йигитни озодликдан маҳрум этмасликни сўрагани, Ўзбекистонда жамоат жойларида совуқ қурол олиб юрганлик учун жарима жорий этилгани ҳамда Қашқадарёда қарзини ундирмоқчи бўлган йигит қарздорни пичоқлаб қўйгани ҳақида хабар қилинганди.