АҚШ давлат котиби Майк Помпео брифингда журналистларнинг демократ Жо Байденга ҳокимият топширилиши ҳақидаги саволларига жавоб бераётиб, Дональд Трампнинг иккинчи маъмуриятига ҳокимият силлиқ тарзда топширилишини маълум қилди, деб ёзади «РБК».
«20 январь куни ўтиш даври муваффақиятли бўлишига дунё тўлиқ ишонавериши мумкин. Биз тайёрмиз, бу ерда нима бўлаётганини дунё кузатиб турибди. Биз барча овозларни ҳисоблаб чиқмоқчимиз», — деди Помпео.
Помпео, шунингдек, турли мамлакатлар раҳбарлари Жо Байденни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаётгани юзасидан изоҳ берди. У ҳали овозларни ҳисоблаш давом этаётганини эслатди.
«Ҳали ҳамма овозлар саналмаганини барчага эслатиб қўямиз. Биз барча юридик жараёнларга тўлиқ риоя қилинишини таъминлашимиз керак», — деди давлат котиби.
Трампнинг фақат «қонуний овозлар» ҳисобга олинганида ғолиб бўлиши ҳақидаги гапларини изоҳлар экан, Помпео шундай деди: «Биз ҳаммасини ҳисоблаб чиқишимиз керак, деб ўйлайман ва биз ҳар битта қонуний овозни ҳисоблаймиз. Ҳеч қандай ноқонуний овоз ҳисобга олинмаганига ишонч ҳосил қилишимиз керак».
Демократ, вакиллар палатасининг Виржиния штатидан аъзоси, МРБ собиқ ходими Эбигейл Спанбергер Помпеонинг ҳокимият топширилиши ҳақидаги гаплари АҚШнинг глобал етакчилигини хавф остига қўйганини айтди ҳамда уларни «шармандали ва хавфли» деб атади.
Аввалроқ Жо Байден амалдаги президент Дональд Трампнинг сайловдаги мағлубиятини тан олишдан бош тортишини шармандалик деб атаган эди.
Аввалроқ АҚШ оммавий ахборот воситалари, хусусан, Associated Press, CNN, The New York Times, АBC News, Fox News ва бошқалар 7 ноябрь, шанба куни Жо Байденни АҚШнинг сайланган президенти деб эълон қилди. ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, президентликка номзод – Демократик партиядан кўрсатилган собиқ вице-президент Жо Байден Пенсильвания штатида ғалаба қозонган ва президент сайловида ғолиб чиқиш учун танловчиларнинг камида 270 та овози керак бўлган ҳолатда 273 та овозни қўлга киритган.
АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп Американинг йирик оммавий ахборот воситалари Жо Байденнинг сайловларда ғолиб чиққанлигини эълон қилганидан кейин ҳозирча мағлубиятини тан олишдан бош тортди.
Шунга қарамай, Байден аллақачон давлатнинг янги раҳбари сифатида халққа мурожаат қилди. Кўплаб мамлакатларнинг раҳбарлари уни аллақачон АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклади.