Америкалик Ден Будри исмли эркак илонни ютиб юборган балиқни тутиб олди. Ҳеч қандай зарарсиз бўлиб чиққан сувилон балиқчи ва Facebook’даги Теннесси штати Ёввойи табиат департаменти гуруҳи фойдаланувчиларини қўрқитиб юборган, деб ёзади «Korrespondent.net».

Фото: Facebook

Будри ижтимоий тармоқдаги гуруҳга олабуғанинг суратини жўнатиб, ўз изоҳини қолдирган.

«Суратга туширишимдан олдин илон менга қараб турганди. Бу менга қизиқарли туюлди, кейин эса ўйланиб қолдим. Тез ёрдам шифокорига ‘балиқни оғзига қўлимни тиққанимда илон чақиб олди’, деб қандай тушунтириб берардим», — дея ёзади америкалик.

Департамент вакиллари бу 2020 йилнинг навбатдаги найранги эканлигини айтиб ҳазиллашган.

«Балиқнинг оғзига қўл тиқаётганингизда эҳтиёт бўлинг! У ерда нима бўлиши мумкинлигини ҳеч қачон билмайсиз», — дейди ходимлар.

Пост остига қолдирилган изоҳларга кўра,балиқ оғзидаги жоняот — Шимолий Америкада учрайдиган хавфсиз сувилон, бироқ уни ҳеч ким бу ҳолатда учратишни истамаган бўларди.