Рихард Зорге ҳақли равишда ХХ асрнинг энг кучли жосусларидан бири ҳисобланади. 30–40 йилларда «Рамзай» тахаллуси билан Зорге Хитой, Япония ва бошқа давлатларда муваффақиятли иш олиб бориб, Германия ва унинг иттифоқчилари томонидан СССРга қарши уруш тайёрлаш ва олиб боришга оид муҳим маълумотларни олишга эришди. 1941 йилнинг 18 октябрида у Япония полицияси томонидан ҳибсга олиниб, 1943 йилда ўлимга ҳукм қилинди ва 1944 йилнинг ноябрь ойида ҳукм ижро этилиб, қатл қилинди... «Дарё» Кремль томонидан хиёнатга учраган жосус тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
Немис армиясида хизмат қилган коммунист
Рихард Зорге 1895 йил 4 октябрда Боку шаҳрида немис ва рус оиласида дунёга келди. Зорге оиласи билан Германияга кўчиб ўтди. У пайтлар Боку шаҳри Россия таркибида эди. Рихард Биринчи жаҳон уруши пайтида немис армиясига хизмат қилди, унда Франция ва Россияга қарши жанг қилиш имконияти ҳам бор эди. Шарқий фронтда ёш Зорге уч маротаба жароҳат олди, уларнинг охиргиси 1918 йилда содир бўлди: ушбу жароҳат унинг оёғига жиддий зарар етказди – бир оёғи 2,5 сантиметрга калтароқ бўлиб қолди.У ҳарбий фаолиятини якунлаб, университетда ўқишга қарор қилади. Рихард Гамбург университетининг сиёсий фанлар факультетини тугатди ва у ерда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Зорге у ерда немис коммунистлари билан учрашди ва Германия Коммунистик партиясига қўшилиб, Золингдаги партия газетасининг муҳаррири этиб тайинланди. 1924 йилда Германиядаги қатағондан қочиб, Зорге СССРга келди ва у ерда Совет ташқи разведкаси томонидан жосус қилиб ёлланди.
1929 йилда Москва томонидан ёлланди ва Рихард Зорге тезкор разведка фаолияти ва ахборот берувчилар тармоғини яратиш учун Хитойга юборилди. Шанхайда ишлаётганда немис журналисти ва «ҳақиқий орий» ниқобини олган Зорге немис ҳарбий разведкаси билан алоқаларни ўрнатди ва 1933 йилда нацистлар партиясининг аъзоси бўлди. Кўп ўтмай, Рихард Германиянинг Япониядаги элчиси генерал Юген Оттонинг ёрдамчисига айланди.
Узоқ Шарқдаги вазиятни яхши биладиган Зорге элчининг ишончини қозониш учун унга Япониянинг қуролли кучлари ва ҳарбий саноати тўғрисида маълумотлар бериб турди. Натижада Оттонинг Берлиндаги меморандумлари илгари улар учун ноодатий бўлган таҳлилий чуқурликка эга бўлиб, Учинчи Рейх раҳбариятида яхши таассурот қолдирди.
Зорге Оттонинг ҳурматли меҳмонига айланди. Элчи дўстлари билан хизмат масалаларини муҳокама қилиб ўтиришни ёқтирарди. Бу борада Рихард миннатдор тингловчи ва малакали маслаҳатчи ролида эди. Отто ёрдамчисига шу даражада ишонар эдики, унга ҳатто элчи кодларини ҳам ишониб топширар эди.
Рамзай гуруҳи томонидан Москвага юборилган радиохабарнинг шифрини на Япония, на Ғарб декодерлари оча олмади. Калит сифатида Зорге ўзига хос ақл-заковати билан Рейхнинг статистик йилномаларидан фойдаланди, бу эса шифрни абадий ўзгартиришга имкон берди. Бундан ташқари, маълумот махфий каналлар орқали марказга микрофильм орқали узатилди. Ҳарбий буюмлар ёки қурол-яроғ каби алоҳида муҳим фотосуратлар махсус жиҳозлар ёрдамида нуқта катталигига қисқартирилди, кейинчалик улар энг кенг тарқалган таркибдаги хат сатрининг охирига ёпиштириларди.
Қисқа муддат ичида Зорге немис, япон ва ҳаттоки югославияликларни ўз ичига олган 25 кишилик кенг коммунистик разведка ташкилотини яратишга муваффақ бўлди. Кўп ўтмай, Японияда жосусларга қарши кураш бошланди. Ҳукумат шу муносабат билан жосусликка қарши кунлар ва ҳатто ҳафталарни ҳам ўтказди. Ҳушёрликка чорловлар газета, кинотеатр экранлари ва радиода ҳам эшиттирилди, душман агентларининг расмлари дўкон пештахталарига илиб чиқилди. Совет разведчиги жуда ҳушёр эди, у ўзини ошкор қилиб қўймасди, ҳатто ичиб олган пайтида ҳам бу борада гап-сўз бўлмасди.
Кремлнинг хиёнати
Рамзай гуруҳи фаолияти совет разведкасига 40 минг долларга тушгани маълум бўлди, аммо бу жуда рамзий сумма. Зоргенинг ёрдамчилари, биринчи навбатда, қонуний фаолиятидан олинган даромадлари ҳисобига яшаган эди. Рихарднинг ўзи эса турли нашрларда чоп этилган нашрларнинг муаллифлик ҳақи эвазига кун кечирар эди.1941 йил май ойида «Рамзай» Германиянинг Совет Иттифоқига ҳужуми режалари ҳақида хабар топди. У Москвага босқиннинг ҳатто аниқ санасигача (22 июнь) етказди. Аммо СССР давлат хавфсизлик раҳбари Лаврентий Берия ушбу хабарни «шубҳали» тамғаси билан провокацион хабарлар жойлашган жилдда сақлашни айтди. Зорге тақдим этган маълумотлар ҳайратланарли даражада батафсил баён қилинган эди, аммо Сталиннинг Гитлер СССРга ҳужум қилмайди деган ишончига умуман тўғри келмасди. Шундан келиб чиқиб, буларнинг барчаси эътиборга олинмади, шунчаки рад этилди. Сталин Рамзай гуруҳи фаолиятига унчалик ҳам ишонмас эди, унга шубҳа билан қарар эди.
1941 йил октябрда Япония махсус кучлари тасодифан Рамзай агентлари изига тушиб қолди. Тез орада Рихард Зоргенинг ўзи ҳам ҳибсга олиниб, тергов жараёнлари бошланди. Тергов деярли икки йилга чўзилди. Шу вақт ичида Япония СССРга жосусни алмашишни уч марта таклиф қилди ва барчасига жавоб тариқасида Москвадан «Биз Рихард Зорге исмли одамни билмаймиз» ёзувли хат олди.
1943 йил 29 сентябрда Токио суди совет разведкасининг жосусига ўлим жазосини берди. Аммо бир йилдан кўпроқ вақт давомида Рихард қамоқда қарор ижросини кутиб турди. Бу жараён бир йил давом этди ва 1944 йилнинг 7 ноябрида уни дорга олиб кетишга келишди...
Тан олинмаган жосус тақдирланди
СССР японлар томонидан қатл этилган совет жосусини фақатгина 1964 йилга келиб таниди. Рихард Зорге исмини тарих саҳифаларига қайтаришга имконият пайдо бўлди. Ўша пайтда Кремлда хорижий режиссёрлар томонидан яратилган фильмларнинг шахсий намойишлари машҳур эди. Совет давлатларининг кўплаб раҳбарлари цензура туфайли кенг оммага намойиш қилиш имкониятига эга бўлмаган фильмларни томоша қилишни яхши кўрарди.КПСС Марказий қўмитасининг биринчи котиби Никита Хрушчёв чет эл кинематографиясига бефарқ эди, лекин француз режиссёри Ив Сампининг «Сиз кимсиз, доктор Зорге?» номли ҳужжатли фильмини намойишига у ҳам ташриф буюрди. Никитага лента шу қадар ёққанки, кино залида чироқлар ёқилгандан сўнг у ғайрат билан: «У ҳақиқий қаҳрамон!», деб бақириб юборган эди.
Бош котибнинг фикри ҳаракатга кўрсатма сифатида қабул қилинди ва коммунистик тарғибот машинаси тез суръатлар билан ривожлана бошлади. Тез орада Москва ва Бокуда Зорге ёдгорликлари пайдо бўлди. Мамлакатнинг барча бурчакларидаги ўнлаб кўчаларга унинг номи берилди. Совет матбуотида афсонавий разведка ходими ва француз режиссёрининг моҳир ижоди ҳақида мақолалар чиқа бошлади. Унинг тасвири туширилган почта маркалари чиқарилди, ишлаб чиқариш жамоалари «Зоргенинг фахрий номи» учун курашди.
Ушбу кампаниянинг мақсади разведка ходимига Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонини бериш эди. Бундан ташқари, мукофотлаш тўғрисидаги қарор Марказий қўмитанинг махсус чақирилган Пленуми томонидан қабул қилинди.
Миржалол Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)