Сўнгги бир суткада дунё бўйлаб 350 766 киши коронавирус юқтириб олди, бу бутун пандемия давридаги янги антирекорд бўлди, деб ёзмоқда «Интерфакс» ЖССТ маълумотига таяниб.
Янги касалланиш ҳолатларининг тахминан 110 мингтаси Европада аниқланган. Бундан аввалги антирекорд бир кун аввал қайд этилган, шу куни 338 799 киши коронавирусга чалинганди.
ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар хизмати раҳбари Майкл Райан мамлакатлар нафақат чекловлар қўйиши, балки назорат тизимларини кучайтириши, тест синовларни ўтказиши, юқтириши мумкин бўлган одамларнинг алоқаларини кузатиши ва ҳаммани инфекцияга қарши курашга жалб қилиши лозимлигини айтди.
Бутун пандемия давомида коронавирус қарийб 37 миллион кишида қайд этилди, уларнинг миллион нафардан ортиғи ўлим билан якунланди, беморларнинг 27,8 миллион нафари бутунлай соғайишга эришди.
Бироқ айрим мутахассисларнинг фикрича, аслида вазият янада ачинарли аҳволда. Аввалроқ октябрь ойида ЖССТ дунёдаги ҳар 10 кишининг бирида, яъни 760 миллионга яқин кишида инфекция излари бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.