Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан суиқасд уюштирилди. Бу ҳақда унинг маслаҳатчиси Қундуз Жолдубаев Sputnik нашрига маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».

Собиқ президентнинг маслаҳатчиси Facebook’да Атамбаев ўз автомобилидаги ўқ изларини кўрсатаётгани акс этган видеони эълон қилган. Жолдубаеванинг сўзларига кўра, машинага жанговар ўқлар отилган, собиқ президент жароҳат олмаган.

«Резина ўқ зирҳни, Mercedes’ни тешиб ўта оладими?», — дея таъкидлаган Атамбаев. Собиқ давлат раҳбари бу ҳолат сизни йўқ қилиш учун уюштирилган деб ҳисоблайсизми, деган саволга «Сен нима деб ўйлайсан, жанговар патронлар билан менинг машинамга нима учун отишади?», — дея жавоб қайтарган.

Қайд этилишича, номаълум шахслар Бишкекдаги тартибсизликлар вақтида Атамбаевнинг машинасини ўққа тутишга уринган.

9 октябрь куни Бишкекнинг марказий майдонида Алмазбек Атамбаев ва собиқ бош вазир Омурбек Бабановни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бўлиб ўтган. Атамбаев намойишчилар олдида чиқиш қилган. Кейин эса йиғилганлар томонга собиқ депутат Садир Жапаровнинг тарафдорларидан иборат гуруҳ ҳаракатланган. Намойишчилар ўртасида муштлашув бошланган, улар бир-бирига тош ва бутилкалар отган, ўқ овозлари эшитилган. Якунда Атамбаев ва Бабанов майдонни тарк этган.

Аввалроқ Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига ҳарбий бўлинмалар ва ҳарбий техника киритилаётгани, шаҳарда фавқулодда ҳолат режими жорий қилингани ҳақида хабар берилганди.