Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан жисмоний шахсларни автоуловларида йўловчиларни ташишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Президентнинг «Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳасида қайд этилган.

Фото: «Дарё»

Агар ўзини ўзи банд қилганлар буюртмаларни қабул қилиш учун мобил иловалар (таксилар агрегаторлари) ёрдамида йўловчиларни ташиса, лойиҳага кўра, ижтимоий солиқ тўлашдан ташқари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 50 фоизга камайтирилган ставка бўйича олинади.

Фармонда Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда якка тартибдаги иш билан банд бўлганлар томонидан йўловчилар ташишни ташкил этишда қуйидагиларни ичига оладиган тартибини тасдиқлаш топширилди:

  • тиббий кўрикдан ўтишнинг қулай тартиби, транспорт воситаларининг техник кўрикдан ўтказилиши, ташқи кўриниши ва жиҳозланишига қўйиладиган талабларни соддалаштириш;
  • ёрлиқсиз таксиларга мижозларни топиш бўйича интерактив хизматларни кўрсатадиган ихтисослашган электрон дастурий маҳсулотларда (агрегаторларда) мажбурий рўйхатдан ўтиш;
  • контактсиз тўловлар асосида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти.

Лойиҳа муҳокамаси 23 октябргача давом этади.

Уч йиллик масаланинг тарихи

Бир неча йиллардан буён Ўзбекистонда жисмоний шахсларга такси хизматларини кўрсатишга рухсат бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги илк хабарлар 2017 йилнинг декабрь ойида чиқа бошлаган. 2017 йилда собиқ молия вазири Жамшид Қўчқоров (ҳозирги бош вазир ўринбосари, иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича вазир) бу ҳақда гапирган эди. Бу солиқ йиғишни кўпайишига, қўшимча захираларни аниқлашга ва даромадларни қонунийлаштиришга олиб келади деб кутилган эди.

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги раҳбари ўринбосари Шоолим Шоваҳобов 2018 йил март ойида Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги ҳозир жисмоний шахсларга йўловчи ташиш ҳуқуқини бериш имкониятларини кўриб чиқмаётганини билдирган. Бунга сабаб қилиб бу ҳолатда йўловчилар ва ҳайдовчиларнинг ҳаёти хавф остида қолиши маълум қилинган.

Оз муддатдан сўнг 2018 йил апрель ойида якка тартибдаги тадбиркорга такси хизматини кўрсатишга рухсат бериш, шунингдек, ёрлиқли таксиларга касса аппаратлари ва радиоалоқа алоқаларини ўрнатиш талабларини бекор қилишни назарда тутувчи Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бироқ ушбу таклифлар давлат раҳбари томонидан имзоланган фармоннинг сўнгги версиясига киритилмади.

Орадан бир йил ўтиб 2019 йил баҳорида якка тартибдаги тадбиркорларни такси хизматларини кўрсатиш учун рухсат беришга тайёрланилаётгани маълум бўлди. Шундан сўнг Президент бир ой ичида тегишли таклифларни тайёрлашга кўрсатма берди.

Кейинроқ 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида ёрлиқли таксилар орқали йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар кўрсатишга рухсат бериш таклиф қилинди. Аммо лойиҳа охир-оқибат қабул қилинмади.

Яна бир йил ўтиб Шавкат Мирзиёев иштирокида 2020 йил 19 май куни ўтказилган йиғилишда ўзини ўзи банд қилаётган, касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди. Йиғилишда Президент томонидан такси ҳайдовчилари ҳам даромад солиғидан озод этилиши қайд этиб ўтилганди. Бироқ июнь бошларидан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кўпайган, лекин улар орасида Президент айтган таксичилар йўқ эди.