Солиқ маслаҳати институтини ривожлантириш ва солиқ маъмуриятини такомиллаштириш мақсадида, Молия вазирлигининг айрим функциялари Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Умид Ҳамроев АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. Бунга Президент «Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асос қилиб олинмоқда.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан
- солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш,
- солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш,
- солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш,
- солиқ маслаҳатчиларининг реестрини юритиш функциясини палата бажаради.
Шунингдек, солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ваколатлари кенгайтирилди, жумладан
- уларнинг хулосалари мавжуд бўлган тақдирда, солиқ органлари риск даражаси паст ва охирги 3 йилда йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ аудити ўтказилмайди,
- солиқ маслаҳатчиларига суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда компьютер технологиялари, алоқа воситалари, аудио ва видео ёзиб олувчи воситалардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади,
- солиқ маслаҳатларида 3 йил давомида қатнашмагани учун Солиқ маслаҳатчиси гувоҳномасини меҳнат фаолиятини адвокатлик бирлашмалари, аудиторлик ташкилотлари, шунингдек бухгалтерия хизматини кўрсатадиган бошқа юридик шахсларда амалга ошириб келган ҳолатларда бекор қилиш тақиқланади.
Умид Ҳамроевнинг айтишича, ўз фаолиятини бир йилдан ортиқ муддат давомида амалга ошираётган ва штатида камида бир йиллик солиқ маслаҳатчиси стажига эга солиқ маслаҳатчилари бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари рўйхат қилинади, солиқларга доир берилган хулоса доирасида ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятлари солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари томонидан яширилганлиги ёки қасддан бузиб кўрсатилганлиги ҳолатлари солиқ органлари томонидан аниқланганда улар рўйхатдан чиқарилади. Рўйхат солиқ қўмитасининг расмий сайтида жойлаштирилади ва мунтазам равишда янгилаб борилади.
Изоҳ (0)