Арманистон ҳукумати сафарбарлик захирасида бўлган 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган барча эркакларнинг мамлакатдан хорижга чиқишини чеклади. Бу ҳақда «ТАСС» Арманистон ҳукумати матбуот хизматига асосланиб хабар қилди.

Фото: Арманистон президенти матбуот хизмати

Ушбу қарор 27 сентябрь куни эълон қилинган ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муносабати билан қабул қилинди.

«Ҳукумат қарорига кўра, оддий аскарлар, 48 ёшгача бўлган кичик ва катта сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар ва 55 ёшгача бўлган офицерларга мамлакатдан чиқиш тақиқланди», – деб хабар берди Арманистон ҳукумати.

Арманистон Фуқаро авиацияси қўмитасининг маълум қилишича, сафарбарлик захирасидаги эркаклар энди фақат ҳудудий ҳарбий комиссарликларнинг ёзма рухсати билан мамлакатни тарк этишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни тонгда Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий зиддият кескинлашди. Икки мамлакатда ҳам ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Расмий Ереван ўз навбатида Туркияни Суриядаги жангариларни Тоғли Қорабоғга йўналтиришда айбламоқда. Қайд этилишича, чегарага 4 мингдан ортиқ жангари йиғилган.

Можаро фонида Озарбайжон ҳукумати мамлакатда ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни блоклади. Бунга Арманистон провакацияси сабаб қилиб келтирилди.