Ўзбекистондаги 7620 та ёки жами мактабларнинг 76,3 фоизи 28 сентябрь ҳолатига кўра ўз фаолиятини тўлиқ тиклади, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги.

Фото: ЎзА

Пандемия шароитида 2020–2021-ўқув йилидан мактаблар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйила бошлади. Мактабларнинг очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда санитария-эпидемиологик вазият инобатга олинган ҳолда маҳаллий кенгашлар депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинмоқда.

Хусусан, 7 сентябрь куни Ўзбекистонда 431 та (4,3 фоиз) мактаб фаолиятини бошлаган бўлса, 14 сентябрдан 2560 та (25,6 фоиз), 21 сентябрда 4379 та (43,9 фоиз) мактаб фаолиятини тиклади.

«Мактаб фаолияти тикланмаган ўқувчиларнинг таълим олиши ‘Онлайн-мактаб’ лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали таъминланмоқда», – дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Тошкентда 28 сентябрда қайси мактаблар анъанавий тарзда фаолият бошлаши маълум қилинганди.