Ўзбекистон Президенти фармонига биноан, 2021 йил 1 январдан бошлаб шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий қилинмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

ИД-картанинг олд томони.

Фото: ИИВ матбуот хизмати

Унга кўра, биометрик паспортлар ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат сифатида ID-карта жорий этилмоқда.

Биометрик паспортлар ҳамда яшаш гувоҳномалари ID-карталарга қуйидаги муддатларда алмаштирилади:

  • Биринчи босқич — 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида (16 ёшга тўлганда ёки қонунчиликда кўрсатилган бошқа сабабларга кўра);
  • Иккинчи босқич — 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача мажбурий тартибда.

Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йил намунасидаги биометрик паспорти 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

ID-карталарни олиш ва алмаштириш учун Ўзбекистон фуқароси хоҳлаган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилиши мумкин.

Ҳозирги биометрик паспортларни расмийлаштириш муддати 10 иш куни бўлган бўлса, ID-карталарни расмийлаштириш 1 иш кунида амалга оширилади.

ID-карта қуйидаги муддатларга берилади:

  • Янги туғилган болага бир ёшгача — 2 йил муддатга;
  • Бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга;
  • 16 ёшдан бошлаб — 10 йил муддатга.

ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 2020 йил 22 сентябрь ҳолатига 198 470 сўм миқдорида тўлов ундирилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 2020 йил 6 март куни «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилганди.