АҚШ президенти Дональд Трамп бир неча йил олдин Сурия президенти Башар Асадни йўқ қилиш режасини тузган, бироқ бу ишни амалга ошириш мураккаб бўлгани сабабли режадан воз кечган. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
«Мен ўйлагандимки, уни йўқ қилиш яхшироқ бўларди. Биз тайёр эдик. Бироқ Мэттис (Пентагоннионг собиқ раҳбари — таҳр.) қарши бўлган. Мэттисга ортиқча баҳо бериб юборилган», — дея маълум қилган Трамп.
Трампнинг аниқлик киритишича, Башар Асадни йўқ қилиш бўйича режа 2017 йилда ишлаб чиқилган. АҚШ президентининг қайд этишича, у режа амалга ошмаганига афсусланмайди, чунки режанинг муваффақиятли чиқишига кафолат бўлмаган.
ОАВларда 2018 йилда Трамп Асадни йўқ қилишга буйруқ бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Маълумотларга кўра, АҚШ президенти Суриянинг Дум шаҳрида кимёвий ҳужум уюштирилгани ҳақидаги хабарлардан ғазабда бўлган ва Мэттисдан Асадни «шунчаки ўлдиришни» талаб қилган. Пентагон раҳбари бу ишни дарҳол амалга оширишга ваъда берган, бироқ ўз ёрдамчиларига вазминлик билан иш кўриш кераклигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трампнинг топшириғи билан 2020 йилнинг бошида Эроннинг энг нуфузли генерали Қосим Сулаймоний Бағдод яқинида ўлдирилганди.
Изоҳ (0)