Самарқандда аёл танишининг шахсий суратларини тарқалмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Қайд этилишича, 3 сентябрь куни 42 ёшли аёл С.Н. ўзининг 43 ёшли аёл таниши Ф.А.нинг шахсий фотосуратларини қўлга киритган ва аёл уларни бировлардан яшириб келаётганини билган ҳолда яқин қариндошларига ҳамда интернетда тарқатиб шарманда қилиш билан қўрқитган. Бундай қилмаслик эвазига ундан 2200 доллар талаб қилиб келган.

4 сентябрь куни ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳар Университет хиёбонида С.Н. таниши Ф.А.дан 2200 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан  Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддадаги жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Жиноят иши бўйича С.Н. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.