Бухорода бир йўла икки рафиқасига алимент тўлаш мажбурияти юкланган эркак мазкур тўловларни муддатидан аввал амалга ошириб, зиммасидаги мажбуриятни тўлиқ бажарди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси хабар қилган.
Мажбурий ижро бюросининг Бухоро шаҳар бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2020 йил 11 мартдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Р.дан ундирувчи М.Г. фойдасига уч нафар фарзанди моддий таъминоти учун вояга етгунига қадар, қарздорнинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа турдаги барча даромадларнинг 1/2 қисми миқдорида ой сайин алимент ундириш мажбурияти бор эди.
Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2020 йил 27 мартдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Р.дан ундирувчи М.Ш. фойдасига икки нафар фарзанди моддий таъминоти учун вояга етгунига қадар, қарздорнинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа турдаги барча даромадларнинг 1/2 қисми миқдорида ой сайин алимент ундириш ҳақида ижро иши мавжуд эди.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор А.Р.га Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуни талаблари тушунтирилди.
Фарзандларининг моддий таъминоти ва мажбуриятини англаган қарздор ота А.Р. олдиндан ундирувчи М.Г.га уч нафар фарзанди учун 537 миллион 525 минг сўм ва ундирувчи М.Ш.га икки фарзанди учун 274 миллион 392 минг сўм алимент пулларини бирйўла олдиндан тўлаб берди.
Давлат ижрочиси томонидан қарздор А.Р.га белгиланган барча чекловлар бекор қилиниб, алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари амалда тамомланди, дейилади МИБ ахборотида.
Аввал Қашқадарёда 4 нафар фарзанди учун алимент тўловчи ота Damas’ини собиқ хотинининг номига расмийлаштириб бергани, Сурхондарёда ота фарзандининг 18 ёшигача тўланадиган 84 млн сўм алиментни олдиндан тўлагани, Нукусда карантин сабаб алимент тўлай олмай қолган фуқаро икки уйидан бирини фарзандининг номига ўтказиб бергани ҳақида хабарлар берилганди.