Самарқанд вилоятида 19 ёшли ҳайдовчи Lacetti’да 7 ёшли болани уриб юбориб унинг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ЙҲХББ матбуот хизмати

Воқеа 7 сентябрь куни соат 15:00 ларда, Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани ҳудудидан ўтувчи маҳаллий, ички автомобиль йўлида содир бўлган. 19 ёшли ҳайдовчи Ш.М. Lacetti’ни бошқариб кетаётиб, йўлнинг ўнг томонидан чап томонига югуриб ўтаётган пиёда, 7 ёшли С.С.ни уриб юборган.

Оқибатда бола оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

ЙТҲ юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.