«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради.
Иккинчи жаҳон уруши тугашининг сабаблари
«History.com» ахборот сайти Иккинчи жаҳон уруши тамомланишининг беш сабаби ҳақида таҳлил қилишга ундайдиган мақола чоп этди. Уруш якунланишининг сабабларидан бири сифатида АҚШ ҳукуматининг Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбасини ташланиши сифатида кўради. Мақола муаллифи фикрича, Иккинчи жаҳон урушининг якунланишига иттифоқчилар қўшинларининг ҳаракати ҳам таъсир қилган ва уруш якунлангани 1945 йилнинг 2 сентябрь санасида АҚШ ҳарбий кемаси бортида эълон қилинган.1939 йилнинг 1 сентябрида Германиянинг Польшага ҳужуми билан ХХ асрнинг энг йирик можаросини келтириб чиқарган уруш олти йилдан сўнг якунланган. 1945 йилнинг 2 сентябрида уруш якунланган бўлса-да, мазкур урушда аллақачон ер сайёрасининг тахминан уч фоизи – 60-80 миллион одамнинг ёстиғини қуритишга улгурган эди. Урушда ҳалок бўлганларнинг аксари тинч аҳоли бўлиб, шулардан олти миллиони яҳудий миллати вакиллари саналади. Холокост эса Иккинчи жаҳон урушининг энг машъум воқеаси сифатида тарихда қолди.
«Блицкриг» ҳарбий стратегиясидан фойдаланган Германия урушнинг дастлабки ойларида Нидерландия, Бельгия ва Францияни босиб олади ва 300 мингдан ортиқ инглиз ва бошқа иттифоқчилар қўшинларини Дюнкерк орқали Европани тарк этишга мажбур қилади. 1941 йилнинг июнь ойида диктатор Адольф Гитлер бошчилигидаги немис қўшинлари Совет Иттифоқи билан имзоланган ҳужум қилмаслик ҳақидаги келишувни бузиб, «Барбаросса» ҳарбий амалиётини бошлайди ва нацистлар қўшини Москва остонасига яқинлашиб қолади.
Японларнинг Перл Харборга ҳужуми натижасида АҚШ урушга кирганда немис қўшинлари Қора денгиздан то Ла-Манш бўғозигача бўлган Европа қитъасининг салмоқли қисмини босиб олади. Бироқ иттифоқчилар қўшини урушни ўз фойдаларига ҳал қилди. Қуйидаги тарихий воқеалар эса уруш якунланишининг энг муҳим ҳал қилувчи сабаби бўлди.
1. Германиянинг икки фронтда жанг олиб бориши
Уч йил мобайнида тезкор уруш олиб борган немис қўшинлари ҳолдан тойган эди. 1942 йилнинг август ойидан то 1943 йилнинг февраль ойига қадар давом этган Сталинград жангида Қизил армия қўшинлари немис қўшинларига қақшатқич зарба беради. Диктатор Иосиф Сталин шарафига қўйилган Сталинград шаҳрини ҳимоя қилишда икки миллионга яқин рус аскарлари ҳалок бўлади.
Совет қўшинлари шарқий фронтда ҳаракат қилаётган пайтда иттифоқчилар қўшинлари Сицилия ва Италиянинг жанубини ишғол қилади. Натижада 1943 йилнинг июль ойида Италияда диктатор Бенито Муссолинининг ҳокимияти қулайди. Мазкур воқеадан сўнг ғарбий фронтда иттифоқчилар қўшинлари 1944 йилнинг 6 июнь санасида Франциянинг Нормансия вилоятига ҳарбий десант туширади. Франция шимолида мустаҳкамланиб олган иттифоқчилар қўшини 25 август санасида Парижни, орадан икки ҳафта ўтиб Брюсселни нацистлардан озод қилади.
2. Арден жанги
Совет қўшинлари Польша, Чехословакия, Венгрия ва Руминияга кириб борганида ғарбдаги иттифоқчилар қўшинлари шарқа томон силжиб боради ва Германия икки ўт орасида қолади. Гитлер икки фронтда уруш олиб боришга мажбур бўлади, бироқ захиралар ҳам тугаб бораётганди. Немис қўшинлари орасида саросима уйғонганди. Гитлер мудофаа чизиғини ёриб ўтиш умидида бор ҳарбий кучини ғарбий фронтга йўналтиради. 1944 йилнинг 16 декабрь санасида нацистлар қўшини Бельгия ва Люксембург чегарасидаги Арденнинг тоғли ўрмон ҳудудида 130 километрга чўзилган кутилмаган жангга киради.
Ҳарбий амалиёт натижасида немислар ғарбга томон ёриб ўтишга муваффақ бўлса-да, иттифоқчилар қўшинлари ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамасдан ўз мудофааларини бир ярим ой мобайнида ушлаб туришга эришади. Иккинчи жаҳон урушининг Арден жанги АҚШ ҳарбийларининг энг қонли жанги бўлади, сабаби мазкур жангда 20 минг америкалик ҳарбийлар қурбон бўлди. Шарқий фронтда эса Совет Иттифоқи қўшинлари баҳорга келиб Одра дарёси бўйига етиб келди ва Берлинга кириш учун салкам 80 километр масофа қолди.
3. Германиянинг таслим бўлиши
Дрезден ва кўплаб бошқа немис шаҳарлари ҳаво ҳужумига учрайди. Ўн минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлди. Иттифоқчилар қўшинлари Рейн дарёсидан кечиб ўтиб, Берген-Бельзен ва Дaxаудаги немис концентрация лагерларининг даҳшатли манзарасини гувоҳи бўлишади. Икки фронтда ҳам мағлуб бўлганини тушунган Гитлер 1945 йилнинг 30 апрель санасида Рейхсканцелярия биносининг ертўласидаги бункерда ўз жонига қасд қилди.
Гитлернинг ўринбосари сифатида тайинланган адмирал Карл Дёниц тинчлик сулҳи музокараларини бошлайди ва 7 май санасида генерал Альфред Йодлга барча немис қўшинларининг сўзсиз таслим бўлиши ҳақидаги қарорни имзолаш топшириғини берди. Бироқ Сталин немис тарафининг таслим бўлиш ҳақидаги Франциянинг Реймс шаҳрида имзоланган келишувини тан олишдан бош тортди ва немисларни 8 май санасида ишғол қилинган Берлинда бошқа шартнома имзолашга мажбур қилди.
4. Хиросима ва Нагасакига атом бомбасининг ташланиши
Европада иттифоқчилар қўшинлари ғалабага эришган бўлса-да, Тинч уммони ҳудудларида уруш ҳаракатлари давом этарди. 1942 йилнинг июнь ойидаги Мидуэй жанги Тинч уммонидаги уруш ҳаракатларида бурилиш ясаган ва америкаликлар Япония сарҳадлари томон силжиб бораётганди. Иводзима ва Окинавадаги ҳарбий амалиётлар урушнинг энг қонли воқеаларидан бири бўлди. Америкалик ҳарбийлар эса агарда урушни Япония ҳудудида олиб борадиган бўлса, бир миллион америкалик ҳалок бўлиши мумкинлигини англаган эди.
1945 йилнинг 16 июль санасида АҚШнинг Нью-Мексика штати Аломогордо шаҳрида илк атом бомбасининг синовлари муваффақиятли ўтказилганидан бир неча ҳафта ўтиб, президент Гарри Трумэн Японияга қарши жангда атом бомбасидан фойдаланишга рухсат берди. 1945 йилнинг 6 август санасида АҚШнинг B-29 Enola Gay қирувчи учоғи Япониянинг саноат шаҳри Хиросимага атом бомбасини ташлайди. Натижада 80 мингга яқин япон ҳалок бўлди, ўн минглаб японлар эса радиациявий нурланишдан ҳаётдан кўз юмади. Бироқ Япония Хиросима вайрон бўлса-да, таслим бўлмайди. АҚШ орадан уч кун ўтиб, Нагасакига янада каттароқ бўлган иккинчи атом бомбасини ташлайди.
5. Совет Иттифоқининг Японияга уруш эълон қилиши ва Япониянинг таслим бўлиши
Хиросима ва Нагасакига атом бомбаси ташланганидан кейин Япония ўта мураккаб вазиятда қолганди. 8 август санасида эса Совет Иттифоқи Японияга қарши уруш очганини эълон қилди ва японлар босиб олган Хитойнинг Манжурия вилоятига бостириб кирди. Олий ҳарбий кенгаш бир қарорга келмагани боис япон императори Хирохито Япония таслим бўлиши кераклигига қарор қилди. 15 август санасида император радио орқали Япония таслим бўлганини эълон қилди.
1945 йилнинг 2 сентябрь санасида АҚШга қарашли «Миссури» ҳарбий кемасида генерал Дуглас Макартур Япониянинг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги келишувни имзолайди ва Иккинчи жаҳон уруши тамом бўлади. Шу тариқа 2 194 кун давом этган уруш якунланади ва генерал Макартурнинг «Бугун замбараклар жим. Буюк фожиа ниҳоясига етди. Буюк ғалаба қўлга киритилди» деган сўзлари тарихдан жой олади.
АҚШ ва Хитой муносабатлари қандай ўзандан кетади?
The Project Syndicate нашри АҚШ ва Хитой муносабатлари қай усулда ривожланиши ҳақида мақола тайёрлади. Мақолада икки мамлакатнинг яқин келажакдаги алоқалари яқин давр ичида бу мамлакатларда ҳокимият тепасига ким келишига кўп ҳам боғлиқ экани ҳақида сўз юритади.АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳозирга даврда нафақат фақат икки мамлакатнинг дипломатик муносабатларига, балки бутун инсоният тақдирига ҳал қилувчи бўлиб таъсир қилади. Айнан шу сабабдан ҳам келажакда бу икки мамлакатни ким бошқариши муҳим.
Яна икки ойдан сўнг АҚШдаги президентлик сайловлари ким президентлик сайловида сайланишини аниқлаб беради. 2021 йилнинг 20 январида эса ё амалдаги республикачи президент Дональд Трамп ёки демократик партия номзоди Жо Байден президентлик қасамёдини беради. Хитойда эса жаноб Си Цзиньпин ҳокимиятни сўнгги нафасигача эгаллаб туриши эҳтимоли кўпроқ. Бироқ Хитойдан давлат раҳбарининг ўзгармаслиги борасида қатъий фикр билдириб бўлмайди, шу сабабдан ҳам Хитой-АҚШ муносабатлари ривожланишини эҳтимолий тўрт йўналишига тўхталиш муҳим.
Биринчи, тахмин. Байден президент бўлади, Си Цзиньпин Хитой раҳбари сифатида қолади, деб фараз қилайлик. Байден The Foreign Affairs нашрига берган интервьюсида АҚШнинг ташқи сиёсатда етакчилиги мавқейи тикланиши асосий мақсад экани ҳақида гапирганди. Байден, шунингдек, инфратузилмаларга, таълимга, илмий тадқиқотларга маблағ ажратилиши борасида маълум қилмоқда. Демак, Байденнинг Хитойга нисбатан сиёсати анча мувозанатлашган, драмаларсиз олиб борилиши ҳақида тасаввур уйғотади.
Шундай бўлса-да, Хитойнинг саноат ва ташқи сиёсат борасидаги қарши ҳаракатларини ҳам назардан қочирмаслик лозим. Американинг дунёдаги либерал тартибни тиклаши, хитойлик раҳбарият ўзининг ташқи сиёсатда етакчиликдек юҳовий мақсадларини чеклашига тўғри келади. Агарда Байден ўз мақсадларига эришса, АҚШ ўзини хавфсиз ҳис қилиши ва Хитойнинг иқтисодий юксалишига бугунгидек муносабатда бўлмаслиги мумкин.
Иккинчи тахмин. Трамп президентлик сайловида ғалабага эришадиган бўлса, АҚШ-Хитой муносабатлари кескин оқибатларга олиб келишини кутиш мумкин. 2016 йилги сайловларда Трампнинг ғалабаси тасодиф сифатида кўрилган бўлса, бу сафарги ғалабаси Трампнинг демагогияси ва ксенофобияси АҚШ жамиятида қарор топганидан дарак беради. Иккига ажралган жамият эса Хитойга қарши туришда мағлуб бўлади ва АҚШнинг жаҳон етакчиси борасидаги мавқейи яна тўрт йилни бой беради. Эҳтимол АҚШ жаҳон етакчиси мақомидан абадий маҳрум бўлиши мумкин.
Баъзи оптимистлар Трампнинг иккинчи муддатга сайланиши Хитой билан муносабатларда сиёсий ўзгаришларга умид қилаётгани ҳам маълум. Бироқ сўнгги тўрт йил Трамп фақат ўз сайловчиларининг қулоқларига таъсир қиладиган ҳиссий риторикадан бошқа амалий иш қилмаганлигини кўрсатди. АҚШ-Хитой муносабатларига оқилона ва амалий жиҳатдан фойда берадиган сиёсат йўли тутилмади. Иккинчи муддатга қолган Трамп ҳукумати Хитойни танқид қилишни кескин нуқтасига олиб бориб қўяди.
Бундай сиёсат Хитой учун даҳшатли бўлса-да, Трамп ўзи англамаган ҳолатда жаноб Си учун яхшигина совға тайёрлаб беришидан далолат. АҚШ Хитойни қанча кўп қораласа, хитойликлар шу даражада кўпроқ жаноб Сининг сиёсатини маъқуллай бошлайди. Хитой Компартияси аъзолари Си сиёсатини танқид қиладиган бўлса, уларнинг овозини ўчириш учун хорижнинг гумаштаси деган тавқи лаънат тамғаси босилади. Си осонгина сиёсий мухолифларидан қутулиб олади.
Коронавирус пандемияси даври Хитой коронавирусни камроқ қурбонлар билан жиловлай олгани АҚШдаги коронавирус билан вазиятга солиштирганда жаноб Си ғалаба қилганидан дарак. Жаноб Си ҳукуматни бошқариш борасидаги чекловлардан халос бўлгани эса у мамлакатни умрбод бошқариши учун тўсиқ олиб ташланганини билдиради.
Шунга қарамасдан, Трамп пандемияга қарши курашда ўзини қанчалик ишончсиз тутаётган бўлса, Си ҳам мағлуб бўлмаслиги борасида хавотирга тушган. Сабаби Хитой компартиясининг айрим аъзолари жаноб Сининг сиёсатини танқид қилиб чиқмоқда. Сабаби, танқидчилар назарида жаноб Си Хитой душманлари сонини ҳам халқаро сиёсатда, ҳам ички сиёсатда кўпайишига йўл қўйдию, хато қилди.
ХХ асрнинг охирларида Дэн Сяопин Хитойнинг ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати учун, сиёсий ҳокимиятнинг алмашиниши учун кўп меҳнат сарф қилди. Си эса Дэн Сяопин сиёсатидан чекинмоқда. Шундай экан 2022 йилда жаноб Си олдида умрбод Хитой раҳбари сифатида қолиш ёки Компартиянинг талаби билан ҳокимиятда кетиш ёки тўнтариш натижасида ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишдек воқеалар ривожи мавжуд. Хитойдаги сиёсий вазият эса АҚШдагидан анча барқарор ҳам.
Агарда Хитойда раҳбарият ўзгарадиган бўлса, янги раҳбар ё Байден, ё Трамп билан музокаралар олиб боришига тўғри келади. Байден президент бўлса, Хитой билан профессионал дипломатия ишга солинади. Трамп президент бўлса, Хитойга қарши қандай сиёсат тутади, билиб бўлмайди.
Шундай экан, АҚШ-Хитой муносабатларига назар солишда пайдо бўлиши эҳтимоли бўлган ҳар қандай сиёсий манзарани назардан қочирмаслик муҳим.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)