Франция 1789 йилги Буюк француз инқилобидан кейин 13 та сиёсий режимда яшади. Шу давр мобайнида 21 та конституциявий ҳужжат жорий қилинди. Шулар орасида 1791 йил 3 сентябрда қабул қилинган конституция Франция тарихидаги илк ёзма конституция эди. «Дарё» сана муносабати билан бугунги мақолани Франциянинг мазкур конституциясига бағишлайди.
1791 йилги конституция асослари
Ушбу конституциянинг бир нечта асоси бор. Улар қаторига Стюартларни ағдариб ташлаган ва парламентар монархияга олиб келган 1688–1689 йиллардаги инглиз инқилоби, маърифатпарварлардан қолган сиёсий ва фалсафий ғоялар ҳаракатлари ва атлант инқилоблари номи билан аталган ҳаракатларни келтириш мумкин (Jacques Godechot. France and the Atlantic revolution of the eighteenth century, 1770-1799 (1965). Шунингдек, конституция тарафдорлари Америкада қабул қилинган конституциялардан ҳам илҳом олган эди.Англиядаги Ҳуқуқлар декларацияси замонавийлашган монархия моделини тақдим этарди. Унга кўра, ҳокимият иккига бўлинарди. Бир томондан қирол, иккинчи томондан икки камерали парламент давлат бошқарувини бўлиб олишар эди. Ушбу назарияни Жон Лок ўзининг фуқаролик жамияти ҳақидаги тезисларида 1690 йилда ўрганиб чиққанди. Унинг асосий принципи бўлмиш ҳокимиятнинг бўлиниш принципи Монтескье томонидан назарияга олиб кирилди.
Аммо инглиз модели шундайлигича қабул қилина олмас эди. Собиқ Учинчи табақа депутатлари аристократлардан иборат Палатани хоҳламади ва шунинг учун ягона Палатага овоз берилди.
Конституциянинг қабул қилиниши
Конституция қабул қилишга қадам 1789 йил 20 июндаги «Тўп ўйини қасамёди» билан ташланди. Депутатлар айнан ўша куни қироллик конституциясини тузишга бел боғлади ва бу уч йилдан кейин амалга ошди. 1789 йил 6 июль куни Миллий Ассамблея (Франция парламенти) 30 кишидан иборат конституцион қўмита ташкил қилди. Қўмита тузилганидан бошлаб то қабул қилингунга қадар бир неча бор моддаларни ўзгартирди. 1791 йил 1 сентябрь куни Пьер Самюэль Дюпон де Немур қўмитага конституцияни якунланган ва қайта ўзгартирилмаслиги ҳақида эълон қилишни таклиф қилди. Аммо унга қаршилар конституцияни қайта ўқиб чиққандан кейин қиролга юборишни маслаҳат берди. Баҳс-мунозаралар эса чўзилиб кетадигандек бўлиб кўринди.1791 йил 3 сентябрь куни қўмита аъзоси Жан Денис Ланжуинес конституцияни кечиктиришга бўлган манёврларнинг олдини олиш мақсадида қўмитанинг конституцияни «тугаган ва унга ҳеч қандай ўзгартириш кирита олмаслигини эълон қилгани»ни маълум қилди. Шу тариқа Франциядаги илк ёзма конституция тайёрланди ва у 14 сентябрь куни қирол Луи XVI томонидан қабул қилинди (Guy Putfin, “La Déclaration des droits de l'homme et du citoyen: recensement et variantes des textes (août 1789 – septembre 1791)”, Annales historiques de la Révolution française, vol. 50e année, no 232, avril-juin 1978, p. 180-200).
Конституция нималарни кўзда тутар эди?
Ушбу конституциянинг тарихий аҳамияти шундан иборат эдики, у Франциядаги мутлақ монархияни чекланган монархияга айлантирган эди. Ушбу конституция ортидан Францияда конституцион монархия ташкил этилди. Конституцияга мувофиқ ҳокимият парламент ва қирол ўртасида тақсимланди. Парламент қонун чиқарувчи, қирол эса ижро ҳокимиятини эгаллади.Икки йилга сайланадиган 745 депутатдан иборат Миллий Ассамблея солиқларни белгилаш, қонунлар ишлаб чиқиш ва унга овоз бериш, уруш эълон қилиш ва тинчлик сулҳларини ратификация қилиш каби ҳуқуқларга эга эди.
Ижро ҳокимиятининг эгаси бўлган қирол ворислик асосида тайинланар, қасамёд эса конституция билан боғлиқ эди. У вазирларни тайинлаш, уларни лавозимидан бўшатиш, қонунларни имзолаш ёки тўрт йилгача тақиқлаш (вето ҳуқуқи) ва уруш эълон қилиши ёки тинчлик сулҳи таклиф қилиш каби ҳуқуқларга эга эди. Қиролнинг Хлодвиг давридан буён сақланиб келаётган муқаддаслик тамойили бекор қилинди.
Конституцияга мувофиқ олий ҳокимият эса жамиятнинг барча табақаларидан ташкил топган миллат қўлида эди. Қирол ва парламент унинг вакиллари эди холос. Шунингдек, конституция мамлакатдаги фуқароларни икки гуруҳга – актив ва пассив гуруҳга бўлди. Актив аҳоли мамлакатнинг сиёсий ҳаётига қатнашадиган гуруҳ эди. Пассив қатламга аёллар ва болалар, хорижликлар кирар эди. Аҳолининг актив қисми Франция аҳолисининг 15 фоизини ташкил қиларди.
Франция фуқаролигини олиш учун эса хорижликлар мамлакат ҳудудида беш йил яшаган бўлиши ёки молк-мулкка эга бўлиши керак эди. Бунга қўшма никоҳ ҳам кирар эди. Кейинги авлод учун эса қон ҳуқуқи ер ҳуқуқидан устун бўлди. Франция ҳудудида туғилган хорижликларнинг болалари эса фақатгина вояга етгандагина фуқаролик оладиган бўлди. Шунингдек, конституцияда яна бошқа бир қатор давлатга тегишли масалалар ҳам киритилган эди. У 210 моддани ўз ичига олган эди.
Конституциянинг бекор қилиниши ва конституциявий монархиянинг мағлубияти
Ушбу конституциявий тузум тез орада муваффақиятсизликка учради. Чунки унинг камчиликлари очилиб қолди. Дастлаб 10 йилга мўлжаллаб қабул қилинган конституция бир йилгина яшади холос. Бунинг бир қанча сабаблари бор эди:- биринчидан, фуқароларни фаол ва пассивга бўлиш, бу барча фуқароларнинг тенглигини эълон қилган ҳуқуқлар декларациясига зид эди ва қайта кўриб чиқиш масаласида миллий иродани боғлади;
- иккинчидан, ички қарама-қаршиликлар ва уруш;
- учинчидан, маҳаллий сайланадиган ҳокимият органларини деярли мустақил қилиб, бу билан Франциядаги қонуний марказий ҳукуматнинг деярли барча имкониятларини йўқ қилди
Шундай қилиб, 1791 йилги конституциянинг қабул қилиниши охир-оқибат Францияда монархия ағдарилишига олиб келди. Конституциянинг асосий принциплари бўлмиш шахсий дахлсизлик, шахснинг эътиқод, фикр, нутқ ва сиёсий эркинлик соҳасидаги мустақил намоён бўлиши, қонунчилик ва ҳукуматдаги вакиллар орқали халқ иштироки маъносида мамлакатнинг кейинги конституциялари, жумладан, амалдаги конституциясидан ҳам жой олди.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)