Ўзбекистонда уяли алоқа компаниясини алмаштирганда телефон рақамини сақлаб қолиш хизмати 2020 йил 1 октябрдан ишга тушиши рад этилди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммунакацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов 3 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 2020 йил 1 октябрдан мобил телефон рақамини ўзгаришларсиз, айнан шу кўринишда коди билан бошқа мобил оператори абоненти сифатида расмийлаштириш мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Вазирлик вакилининг изоҳига кўра, бундай хабарларнинг тарқалишига англашилмовчилик сабаб бўлган.
«Ҳақиқатан ҳам 1 октябрдан бошлаб абонентлар бошқа уяли алоқа компаниясини танлаганда телефон рақамини сақлаб қолиши мумкин бўлиши ҳақида хабарлар тарқалганди. 1 октябрдан мобил телефон рақамини сақлаган ҳолда бошқа алоқа компаниясининг хизматларидан фойдаланилмайди. Бироқ шуни айтиб ўтишим мумкинки, бундай имконият яқин келажакда пайдо бўлиши кутилмоқда», — деди у.
Аҳматовнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда бу каби гап-сўзларнинг тарқалишига «Telekomмуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгани, ушбу ҳужжатдаги мобил алоқа оператори ўзгарганда абонент рақамлари ўзгармай қолиши ҳақидаги таъкид сабаб бўлган».
«Мазкур норматив ҳужжат 2020 йил 31 июль куни қабул қилинган бўлса-да, 1 октябрдан кучга кириши белгиланган. Яъни ҳужжат кучга кирди деганда унда келтирилган хизматлар ҳам ўша заҳоти кучга кириши кўрсатилмаган», — деди Шерзод Аҳматов.
Маълумот учун, бир компаниядан бошқа компанияга ўз мобил рақами билан ўтиб, янги абонент сифатида ўша компания хизматларидан фойдаланиш дунё тажрибасида бор; Ўзбекистонда ҳам мобил алоқа фойдаланувчиларига шундай имкониятни тақдим этиш ҳаракатлари бошланган, бироқ шу вақтгача бу борадаги ишларни бошлаш учун ҳуқуқий асос йўқ эди.
Режа бўйича, 1 октябрдан алоқа операторлари билан бирга рақамни сақлаган ҳолда мобил операторни ўзгартириш тартиби ва шартлари ишлаб чиқилади. Бу жараёнда аҳолига алоқа хизматларини кўрсатиб келаётган операторларнинг қонуний ҳуқуқ-манфаатларига устуворлик берилади. 2020—2021 йилларда эса мобил алоқа операторлари томонидан зарур инфратузилма тайёрланади, керакли жиҳоз ва қурилмалар сотиб олинади.
Ахборот технологиялари ва коммунакацияларини ривожлантириш вазирлиги ички ҳужжатлари билан тасдиқланган режага кўра, 2021 йил охиригача мазкур тизимни амалиётга тўлиқ жорий этишни режалаштирган.
Рақамни кўчириб ўтказиш хизматини жорий қилиш Ўзбекистонда 2018—2021 йилларда электрон тижоратни ривожлантириш дастурида белгилаб қўйилган. Шу йили декабрь ойида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги абонент рақамини мобил алоқа тизимида кўчиришни («мобил қуллик»ни бекор қилиш) кўзда тутган ҳужжат лойиҳасини муҳокамага қўйган.
Unitel МЧЖ (Beeline) собиқ директори Дмитрий Шуков «мобил қулликни» бекор қилиш бироз кечикиб амалга оширилаётган ташаббус экани, чунки мобил телефон рақамларини кўчириш технологияси дунёда 15 йил аввал жорий қилинганини қайд этган.
Изоҳ (0)