Изоҳ: Ушбу хабарнинг дастлабки таҳририда ССВ Олмалиқ шаҳрида яшаган фуқаронинг коронавирус асоратлари оқибатида вафот этиши ҳақида илк бор 2 сентябрь куни хабар бергани таъкидланган эди. Аммо бу таъкид хато — ССВ Олмалиқда яшаган фуқаронинг коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани ҳақида биринчи марта 28 август куни хабар берган. Англашилмовчилик учун муштарийлардан узр сўраймиз.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этганлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ)нинг расмий ҳисоб-китобига кўра 301 нафарга етди («Дарё» ҳисоби бўйича 310 нафарни ташкил этмоқда). Вазирликнинг 28 август соат 17:00 даги ахборотига кўра, коронавирусга чалинган икки бемор — Олмалиқ шаҳрида яшаган 74 ёшли Р.У. исмли аёл ҳамда Шайхонтоҳур туманида яшаган 56 ёшли С.У.исмли аёл вафот этган.

ССВ Олмалиқ шаҳрида яшаган фуқаронинг коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани ҳақида биринчи марта ахборот бермоқда. Июлда шаҳарда коронавирусга чалинган 51 ёшли ва 63 ёшли икки аёл вафот этгани маълум бўлганди, бироқ ушбу ҳолатлар юзасидан ССВ ҳозиргача бирор ахборот бермади (эътиборга молик томони, ушбу икки ўлим ҳолати Тошкент вилояти ҳокимлиги юритаётган ҳисобга киритилган).

Бундан ташқари, ССВ томонидан тасдиқланмаган яна ўнга яқин ўлим ҳолатлари бор.

Маълумот учун, 28 август соат 17:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар умумий сони 40 720 нафарга етган, ҳозиргача уларнинг 37 873 нафари (93 фоизи) соғайган; айни вақтда 2 545 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда.