1572 йилда Рим папаси Григорий XIII тантана билан байрам уюштирди ва Франция қиролига табриклар йўллади. Чунки у Варфоломей тунида содир этилган гугенотлар қирғинидан жуда хурсанд эди. «Бу қонли қирғин турклар устидан қозонилган элликта ғалабадан яхшироқдир» деганди ўшанда Папа. «Дарё» Варфоломей кечасининг тарихи ва келиб чиқиш сабаблари ҳақида ҳикоя қилади.
Гугенотлар
Гугенотлар (немис тилидан: Eidgenossen «ҳамроҳлар») – француз протестантларидир. Католиклар 1572 йилнинг Авлиё Варфоломей кечасида айнан уларнинг қатағонини амалга оширган. Францияда католиклар ва гугенотлар ўртасидаги урушлар узоқ йиллар давом этган, 1559 йилдан гугенотларнинг таълимоти бўлган Калвинизм мамлакатнинг ғарбий ва жануби-ғарбий қисмида кенг тарқала бошлаган.Калвинистик таълимот (ким жаннатга ким дўзахга тушишини фақат Худо ҳал қилади, одам буни ҳеч қандай тарзда ўзгартира олмайди) калвинистларни охират жавобгарлигидан озод қилди ва уларни дўзах ва жаннатга тушиш борасидаги доимий ташвишлардан халос қилди. Бундан ташқари, калвинистлар черковга ушр тўлашдан бош тортди. Натижада гугенотлар ва зодагон гугенотлар сони тез суратларда ўсиб борди. Ҳатто 1534 йилда қирол Франциск I ўз хоналари эшикларида католикликни масхара қиладиган варақаларни учрата бошлади. Шу пайтдан бошлаб гугенотларни қувғин қилиш бошланди. Кўп ўтмай қирол гугенотларга ўлим билан таҳдид қилди.
Сулолалар уруши
Калвинистлар, аввало, виждон эркинлиги учун курашганди, аммо вақт ўтиши билан бу курашлар асосан сиёсий кланларнинг тож учун курашига айланиб кетди – бир томондан, бурбонлар (протестантлар), иккинчи томондан - валуа ва гизлар (католиклар). Бурбонлар валуалардан кейин тахтга биринчи бўлиб келишлари керак эди ва бу уларнинг урушга тайёргарлигини кучайтирди. Улар ўртасида 1570 йилда бўлиб ўтган урушдан кейин тинчлик сулҳи ўрнатилганди. 1572 йил 23–24 август кунлари бўлиб ўтадиган Авлиё Варфоломей туни арафасида вазият шундай эди.Гугенотлар бирорта ҳам йирик жангда ғалаба қозона олмаган бўлсалар ҳам, қирол урушни давом эттира олмади: бу жуда қиммат эди. У гугенотларга катта имтиёзлар беришга мажбур бўлди. Гугенотлар Париждан ташқари ҳамма жойда ибодат қилишлари мумкин эди ва уларга давлат лавозимларини эгаллашга ҳам рухсат берилганди. Гугенотларга тўртта қалъа берилди. Бундан ташқари, уларнинг раҳбари адмирал де Колини қироллик кенгашига кирди ва қиролга кучли таъсир ўтказа бошлади.
Қиролича Екатерина Медичи ҳам (қиролнинг онаси), гизлар ҳам бундан қаттиқ ташвишда эди. Тинчликни мустаҳкамлаш учун Екатерина ўз қизи Маргаритани, наваралик таниқли гугенот Генрих IV га турмушга беришга қарор қилди. Тўйга гугуэнотлардан ҳам жуда кўп меҳмонлар келди. Аммо орадан тўрт кун ўтгач, герцог Генрих де Гизнинг буйруғига биноан адмирал Колинининг ҳаётига суиқасд уюштирилди. Де Гизбу иши билан 9 йил олдин адмиралнинг буйруғига биноан ўлдирилган Француа де Гиз учун қасос олганди.
Бундан ташқари, у малика Маргарита унга берилмаганидан ҳам ғазабда эди. Аммо қотилнинг қуролидан узилган ўқ Колинини ярадор қила олди холос. Протестантлар айбдорларни жазолашни талаб қила бошлади. Йиғилган қирол кенгаши Гугенотлар қасос олишга улгурмасларидан уларга олдиндан зарба бериб, дарҳол уларининг барчасини йўқ қилиш ҳақида қиролга маслаҳат берди.
1572 йилга келиб, олий ҳокимият гугенотлардан нафратланарди – ҳукмрон Валуа сулоласи ўзларининг хавфсизлигидан безовталанарди. Ушбу диний урушлар тарихида гугенотлар икки маротаба Валуа сулоласидан чиққан қироли Карл IX ва она қиролича Екатерина Медичини ўғирлашга ҳаракат қилган. Шунингдек, қиролга яқин одамлар ичидаги етакчи ролни ашаддий католик бўлган Гиз князлари ўйнашлари муҳим эди.
Оломоннинг ғазаби
Бундан ташқари, гугенотлар чет эл қўшинларини (инглизлар ва протестант немисларни) ўзларига ёрдам беришга чақирди ва албатта уларга қироллик ҳисобидан ҳудудлар берилишини ваъда қилди. Гугенотлар озчилик эди (аҳолининг қарийб 10 фоизи, яъни деярли икки миллион киши), аммо улар барчани ўз эътиқодига жалб қилишни исташарди ва бу йўлда жуда фаол эди. Улар билан бўлган урушлар Францияни хонавайрон қилди. Шундай қилиб, улар катта хавфга айланди.Бошида Кенгаш фақатгина яраланган Колинини ва гугенотларнинг ўнлаб раҳбарларини йўқ қилишни режалаштирди. Бироқ парижликлар узоқ вақтдан бери қиролдан барча гугенотларни йўқ қилишни сўрашарди. 24 августга ўтар кечаси уларнинг етакчилари ўлдирилиши биланоқ, шаҳарликлар кўчаларга тошиб чиқа бошлади.
Одатда, қора рангда кийинган гугенотларни католиклардан ажратиб олиш осон эди. Оломон гугенотларни аёллар, болалар, қарияларга ажратмай, барчасини бирин кетин ўлдиришди. Ушбу кечада икки мингдан уч минггача одам ўлди. Қирғинлар бир неча кун давомида кўплаб шаҳарларда давом этди: Париж, Орлеан, Мо, Труа, Сомюр, Руан, Тулуза, Лион... Натижада вилоятларда яна 6–10 минг гугенотлар ўлдирилди. Қирғинларда ҳатто болалар ҳам иштирок этди (душман лагерининг болалари уларнинг қурбонлари бўлди). Бу воқеалардан таъсирланган шоир Агриппа дъОбине «шамол нола ва қичқириқларга айланди» ва Сенада «сув эмас, балки қон», деб ёзган эди. Қизиғи шундаки, бу қирғинни ҳатто инсонийликка мойил бўлмаган Иван Грозний ҳам қоралаган. 200 мингга яқин гугенотлар ваҳима ичида мамлакатни тарк этди.
Бу шафқатсизликка нима сабаб бўлди?
Бир томондан, бу ҳамма нарсани янада оғирлаштирди, чунки жаҳл отига минган оломон кредиторларини, суддаги рақибларини, шунчаки душманларини ҳам шахсий ҳисоб-китоблари туфайли ўлдира бошлаганди.Гугенот ким ва унинг қотили кимлигини кейин ким ҳам аниқларди. Варфоломей кечасида ҳатто кўпчилик талон-торож орқали бойиб ҳам кетди. Жазосизлик қурбонлар сонини кўпайтирди. Масалан, граф де Бюсси дъАмбуаз ўзининг гугенот қариндоши Антуан де Клермонтни мерос учун рақиблиги туфайли ўлдирган, чунки улар узоқ вақт давомида судлашишганди. Файласуф Петр Рамус бошқа бир мутафаккир Жан Батист Шерпантенинг буйруғи билан ўлдирилган: улар Аристотел фалсафасини турли йўллар билан тушунганлар ва кўп низолашишган.
Аммо қирғиннинг асосий сабаби католикларнинг гугенотларга бўлган умумий нафрати эди. Дарҳақиқат, қироллик кенгашининг режасига кўра, ўн минглаб одамлар эмас, балки фақат бир нечта гугенот ўлдирилиши керак эди. Қолгани эса оммавий ташаббус эди. Оломоннинг нафратига бир нечта омиллар сабаб бўлди. Биринчидан, ўша пайтда диний ҳаётдаги ҳар қандай ўзгаришлар консерватив тартибни ўзгартиришга уриниш сифатида қабул қилинган.
Аҳолиси асосан фанатик католиклардан иборат бўлган Парижга гугенотлар кириб келганида, католиклар уларнинг бой эканликлари учун ҳам ёмон кўрарди. Ўша пайтда Франция оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган эди ва камбағал оломон диний душманларнинг ҳашаматли яшашини кўра олмасди.
Гугенотлар ҳам оппоқ эмасди...
Иккала томон ҳам бир-бирларини шайтонга ёрдам беришда айблашарди. Дин у пайтларда ҳозирги каби шахсий масала эмасди ва битта давлатда иккита дин бўлиши мумкин эмас деб қараларди. Гугенотлар устунлик қилган жойда улар католиклардан шаҳар ёки қишлоқни бутунлай тарк этишларини талаб қиларди. Улар ҳам католик черковларини вайрон қилишган, талон-торож қилишган, хочга михланган Исо сиймоларини синдиришган, руҳонийларни қийноққа солиб ўлдиришган ва уларни осиб қўйишган. Улар католикларнинг бутпараст ва хурофотчи деб ҳисоблаган.1560 йили гугенотлар Труа шаҳрида Муқаддас Бокира Мария ҳайкалига лой чаплаб, бўйнига ўлик мушукни осиб қўйган. Католикларни шундай йўллар билан ҳақорат қилиниши ва ўлдирилиши жамиятдаги шафқатсизликни кучайтириб юборди ва католикларни шу қадар ғазабли нафратга олиб келди. Энг ёмон воқеа 1567 йилда Нимда юз берди: бир кун ичида гугенотлар ўнлаб маҳаллий католик руҳонийларини ўлдиришди ва жасадларини қудуққа ташлашди (80 дан 90 гача одам ўлдирилди). Умуман олганда, гугенотлар ҳам католикларга нисбатан шафқатсиз эди. Шунинг учун ҳам улар ўз навбатида Варфоломей кечасидаги қирғинни қабул қилиб олди.
Варфоломей кечасидаги қирғин ҳеч нарсани ҳал қилмади. Фақат адоват кучайиб, янги урушлар бошланди. Яна бир нечта урушлар бўлиб ўтди. Диний қарама-қаршилик сифатида шаклланган икки жамият ўртасидаги уруш бурбонларнинг ғалабаси билан якунланди. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)