Петра – ҳозирги Иордания ҳудудида жойлашган, милоддан аввалги IV асрда бунёд бўлган шаҳардир. Ўз замонасининг саноқли мегаполисларидан бири ва йирик савдо шаҳри ҳозирги пайтга келиб муҳим археологик ва сайёҳлик маскани бўлиб хизмат қилмоқда. 1812 йил 22 август куни швейсариялик тадқиқотчи Йохан Людвиг Букхард томонидан Петранинг ноёб харобалари топилди. «Дарё» сана муносабати билан «Атиргул шаҳар» номини олган шаҳар тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Петра шаҳри
«Атиргул шаҳар» ҳозирги Иорданиянинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган ҳудудида яшовчи араб бадавийларидан бўлган набатийлар томонидан савдо пункти сифатида ташкил қилинган. Шаҳарда истиқомат қилиб савдо қилган набатийлар тез орада катта бойлик йиғди ва ҳасадгўй юнон империяси милоддан аввалги 312 йилда Петрага ҳужум уюштирди. Айнан ушбу воқеа қадимги Петра шаҳрининг биринчи тарихий воқеасига айланди. Жангда маҳаллий аҳоли ғалаба қозонди.Аммо бу ягоналигича қолмади: римликлар милоддан аввалги 106 йилда Петра шаҳрига бостириб киради, охир-оқибат шаҳар аҳолиси мағлуб бўлади. Рим империяси қўлга киритилган янги ерларни ўз ҳудудига қўшиб олиб, уни номини «Арабистон Петраси» номига ўзгартиради.
Римликларнинг ҳукмронлиги милоддан аввалги IV асрнинг ўрталаригача – 250 йилдан зиёдроқ вақт давом этди. Шу вақтга келиб шаҳардаги кўплаб бинолар кучли зилзила сабаб вайроналарга айланган эди.
Йўқолган Петра шаҳри
Милоддан аввалги VIII аср бошларига келиб кўплаб аҳоли Петрани ташлаб бошқа жойларга кўчиб кетишни бошлади ва энди у тижорат, сиёсат ва маданият жиҳатдан умуман аҳамиятга эга бўлмай қолган эди.Шундай бўлса-да, шаҳар тарихчи ва археологлар учун унинг ноёб архитектураси, шунингдек, уни барпо қилган одамлар томонидан яратилган ўзига хос янгилик сифатида ажралиб туради. Унинг атрофидаги тоғли ҳудудларни ҳисобга олганда Петра шаҳар қуриш учун мантиқий жойдек кўринмайди. Набатийлар ушбу географик жойлашувдан унинг асосий тузилмаларини ўрнатишда оқилона фойдаланиб, шундай шаҳар барпо этди.
Маҳаллий аҳоли шаҳарни Тош меъморчилиги номи билан машҳур бўлган йўналишда қуришни бошлади. Унда бир нечта биноларни тош сиртларидан ўйиб ясашган эди. Набатийлар маданияти ривожланиши ва римликлар ва византияликлар ҳам шаҳарда ўз изларини қолдирмоқчи бўлганликлари сабабли Петра архитектураси уни эгаллаган турли маданиятларни аралаштиришни бошлади.
Римликлар набатийлардан кейин, Византиядан олдин Петрага ҳукмронлик қилаётган даврда юз берган эволюцияда кейинчалик шаҳарнинг асосий магистрали бўлиб хизмат қилган Петра Рим йўллари барпо этилган. Орадан бироз вақт ўтиб шаҳарга киришда Рим услубида безатилган дарвозалар ўрнатилган. Шунинг учун Петра турфа хиллик меъморчиликни севувчилар учун айни муддаодир.
Петра шаҳрининг топилиши
VIII асрда Петра савдо маркази сифатида тан олинмай қўйганидан сўнг унинг тош конструкциялари кўчманчи чўпонлар томонидан бир неча асрлар давомида бошпана сифатида ишлатилган. Кейинчалик, 1812 йил 22 август куни швейсариялик тадқиқотчи Ёхан Людвиг Букхард томонидан Петранинг ноёб харобалари «кашф этилди».Тадқиқотчининг асосий мақсади Нигер дарёсининг манбайини топиш бўлган эди. Англияда 1809 йилда у Қоҳирадан саҳро бўйлаб саёҳат қилиш учун Қироллик жамияти президенти ва Африка тадқиқотларини рағбатлантиришда муҳим рол ўйнаган сер Жозеф Боксни қўллаб-қувватлади. Тадқиқотчи араб тилини ўрганиш мақсадида Кембрижга қатнай бошлади. Букхардт Петрани излаётган бошқа бир тадқиқотчининг ўлимини эшитгач, ушбу шаҳарга янада кўпроқ қизиқиб қолади. Сўнг Суриядан кичик кулба сотиб олиб, араб тили, Қуръон ва мусулмонликни чуқурроқ ўрганишни бошлади.
Тадқиқотчи ўзини шайх Иброҳим ибн Абдуллоҳ деб атай бошлади. Маҳаллий шайхлардан ҳимоя учун пул тўлаб, кўп марта талон-торож қилинса-да, Буркхард Сурия, Ливан ва Фаластинга саёҳат қилди. Ҳорунга атаб эчки қурбон қилмоқчи бўлганини айтиб, Буркхард уни харобаларга олиб бориш учун маҳаллий йўлбошчини ёллади ва у ерда қадимий қабрлар ва Рим мақбараларининг қолдиқларини кўриб ҳайратда қолди.
Буркхард бу Петра эканига амин эди, лекин у ерда кўп қола олмади, чунки йўқолган хазинани излаётган кофир сифатида танилишдан ва уни ортидан ҳужумга учрашдан қўрққан эди. У эчкини Ҳорунга қурбон қилди ва ўша кечанинг ўзида яна Қоҳирага борадиган йўлга қайтиб кетди.
Кейинчалик Буркхард Нил бўйлаб саёҳат қилди ва Абу Симбелда улкан ҳайкаллари билан Рамсес Буюк ибодатхонасини кашф этди, Маккага ҳаж қилди ва Мадинага ташриф буюрди. У 1817 йилда 32 ёшида Қоҳирада дизентерия касаллигидан вафот этган. Аммо у асосий мақсади бўлган Нигер дарёсига ета олмади...
Бундан кейин бир неча ўн йиллар давомида кўплаб топилмалар чиқди. Масалан, 1993 йилда Византия даврига оид юнонча варақлар ва сунъий йўлдош тасвири орқали топилган минтақа қумлари остига кўмилган номаълум монументал структуралар ҳам айнан шу шаҳарга тегишлилиги аниқланган.
Ҳозирда Петра шаҳри ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси ва дунёнинг етти янги мўъжизаси сифатида тан олинган. Ушбу шаҳарни туристлар, ёмғир ва бошқа табиий офат ва атроф-муҳит омилларидан ҳимоя қилиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Миржалол Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)