Туркияда аҳоли охирги икки ҳафта давомида 7 миллиард АҚШ долларига тенг қуйма олтинларни харид қилган. Бу ҳақда Reuters хабар қилган.
Агентликнинг ёзишича энг катта бозорлардан бири ҳисобланувчи Истанбулда нархлар қимматлигига қарамай «олтин васвасаси» бошланган.
«Менимча, бу айни пайтдаги энг яхши инвестиция, шунинг учун ҳам ўз долларларимни олиб келиб, улар билан қуйма олтин харид қилдим, аслида банкдан лираларимни ечиб олишим керак, бироқ коронавирус юқиш хавфи туфайли у ерга бора олмаяпман», — дейди Истанбул шаҳрида яшовчи Ҳасан Айхан.
Ўтган ҳафтада лиранинг долларга нисбатан қиймати рекорд даражадаги минимумга тушиб кетган. Туркия миллий банки ахборотига кўра, мамлакатда 1 АҚШ доллари нархи 7,3 Туркия лирасига тенг бўлиб турибди.
Истанбулдаги олтин сотувчи дўконлар ассосиацияси раҳбарининг ўринбосари туркларнинг азалдан бойликни ушлаб туриш учун олтиндан фойдаланишини қайд этган ҳолда, аҳолидаги олтин миқдори, тахминан, 5 минг тонна бўлиши мумкинлигини айтган.
Гранд-бозордаги сотувчилар ҳеч ким тилла буюмларни сотиш учун келмаётгани, аксинча ҳамма олтин буюмлари ёки ёмби харид қилишга келаётганини айтмоқда.
«Мен машина ёки уйини сотиб, олтинга инвестиция сарфлаш ниятида бўлга юзлаб одамлар билан суҳбатлашдим», — дейди ушбу бозордаги савдогарлардан бири Гюнай Гюнеш.
Август бошидан бери олтиннинг нархи тарихий рекордларни янгилади. Кейинчалик долларнинг қиймати мустаҳкамалана бошлагач, мувозанат тикланди, бироқ қимматбаҳо металлнинг нархи ҳали ҳам йил бошидагидан 20 фоизга қимматроқ.
Изоҳ (0)