Андижон вилояти Асака туманида эр-хотин жанжалини бартараф қилишга келган ИИБ ходимига пичоқ орқали жароҳат етказилди. Бу ҳақда Zo‘r TV телеканалида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, 2 август куни соат тахминан 15:00 ларда Асака туманида истиқомат қилувчи фуқаро уйига маст ҳолатда келиб, турмуш ўртоғи билан жанжал кўтарган. Аёл қўшнисиника қочиб чиқиб, ИИБ ходимларини ёрдамга чақирган. Ҳудуд профилактика инспектори воқеа жойига етиб келиб, спиртли ичимлик таъсирида бўлган фуқарони тартибга чақиришга уринади. Аммо фуқаро ходимнинг сўзларига қулоқ солмай қаршилик кўрсатган, ИИБ ходими унга кишан тақаётганида дарвозахонадаги пичоқ билан унинг қўлига тан жароҳати етказади.

Воқеадан хабар топган қўшнилар жабрланган инспекторни шифохонага олиб кетади, йўлда ходим мазкур ҳолат бўйича ўз ҳамкасбига хабар беради. Иккинчи инспектор ҳодиса жойига келиб, пичоқ кўтарган шахсни ИИБ идорасига олиб кетган.

Мазкур фуқаронинг ёши, оилавий аҳволи, Чернобиль фожиасида қилган хизматлари инобатга олиниб, унга нисбатан эҳтиёт чораси — қамоқ қўлланилмаган.

«Нерв бузилиб қолганда… Мияда санчишлар бошлангач, нима қилаётганимни ўзим ҳам билмай қоламан. Бошқа спиртли ичимликни оғзимга олмайман, қилган ишимдан афсусдаман, пушаймонман», — дейди эркак.

Маҳалла раисининг сўзларига кўра, оила аввалдан жанжалкаш оилалар рўйхатида турган ва бир неча бор ИИБ ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилган.

Ҳозирда вилоят кўп тармоқли оилавий поликлиникасида даволанаётган профилактика инспектори шифокорлар назоратида. Ҳолат юзасидан Асака туман прокуратураси тергов ва суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.