Бошига ташвиш тушган одам кўпинча кимдандир ёрдам кутади. «Ташвишланма, ёнингда турибман»,  деган бир далда унга куч беради. Бой тадбиркор Алишер Усмонов апрель ойида вакцина топилса, ўзим пулини тўлаб олиб келиб бераман, деганди. Шавкат Мирзиёев бу ҳафта вакцина харид қилишни ўрганиш бўйича кўрсатма берди. Демак, Алишер аканинг ҳимматига гувоҳ бўладиган кунимиз яқин.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш қачондан бошланади? Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Лазиз Тўйчиев бунга қуйидагича жавоб берди: «Россия Федерациясида вакцинация кузда бошланишини эшитдик. Бу жуда яхши. Лекин вакцина қаерда кашф қилинган бўлса, аввало ўша ердаги аҳолига қўлланади. Унинг самарасини биз 3-6 ойда билишимиз мумкин. Шундан кейингина биз бу жараённи ўзимизда бошлашимиз керак, деб ўйлайман».

Айтиш керакки, вирус юқтиришлар сони бир қадар камая бошлади. Охирги икки кун ичида юқтирганлар сони 700 га боргани йўқ. Тўғри, бу расмий маълумот бўлиб, уни қандайдир коэффициентга кўпайтирса, реал ҳолат келиб чиқади. Бироқ шунда ҳам юқтириш сони камайган бўлиб чиқади.

9 август соат 17:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 30 464 нафарга етди. Тузалганлар 21 316 нафар, вафот этганлар 200 нафардир.

* * *

Хўш, блогерларимизнинг аккаунтлари қанчалик ҳимояланган? Буни аниқлашга ёрдам берувчилар чиқди, бироқ улар кимлигини ҳалигача билолганимиз йўқ.  Блогерлар ўз аккаунтларига хакерлар ҳужум уюштиргани ҳақида гапира бошлади; биринчилардан бўлиб масалани Анора Содиқова, Эльдар Асанов каби журналистлар кўтарди. Кейин бирин-кетин кўплаб блогерлар шундай ҳужумлар уларга қарши амалга оширилганини билдира бошлади. Уларнинг айтишича, мобил компаниялар расмий рақамларидан COVID-19 танлови ўтказилаётгани, унда ғолиб бўлганлар тақдирланиши ҳақида айтишган. «Коронавирус ҳақида жуда оддий саволлар бериб, мени ғолиб деб эълон қилишди. Сўнг ‘телефонингизга код юбордик, шуни бизга айтиб юборинғ, дейишди. Қарасам – Telegram’дан келган код. Яъни узоқдан туриб аккаунтимга киришга уринишяпти. Жуда содда, жўн йўлини танлашибди», деб ёзади ҳужумга учраганлардан бири.

Бу ҳужумга дастлаб «Mobi.uz», сўнг бошқа ташкилотлар эътибор қаратди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Комил Алламжонов Ўзбекистонда блогерларнинг Telegram аккаунтларини бузиб киришга уринишни тўғридан-тўғри сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолади. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси ҳолатга эътибор қаратиб, Telegram фойдаланувчиларидан ахборот хавфсизлиги бўйича тавсияларга риоя қилишни, телефон орқали бегона рақамдан қўнғироқлар бўлиб, шубҳали викториналар ўтказилиш ҳолатлари кузатилганида мессенжер орқали махфий код юборилиб, уни айтиш сўралганида бегона шахсларга маълумотни ошкор этмасликни, фирибгарлик схемаларидан огоҳ бўлишни сўради.

* * *

Тошкент шаҳри ва вилоятининг ҳудудлари ўзгаради. Сергели, Чилонзор ва Учтепа туманларининг бир қисми, шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги Улуғбек посёлкаси Тошкент вилояти ҳудудига қўшилади. Хусусан, Сергели туманининг Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйидаги 37 гектари, саноат зоналари жойлашган ҳудудлар пойтахтдан ташқарида жойлашган. Ушбу ҳудудларни Тошкент вилоятига қўшиш режалаштирилмоқда. Чилонзор ва Сергели туманларининг умумий 135 гектари Тошкент вилоятига ўтади. Бундан ташқари, Учтепа туманининг Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг чап қисмида жойлашган 453 гектари Тошкент вилоятининг Зангиота туманига берилади. Бу ишлардан мақсад пойтахт ва вилоят ўртасидаги аниқ чегарани белгилаб олишдир. Чунки бу ерларда анклавлар сони 19 тага етган.

Тошкент шаҳрида Янги ҳаёт тумани ташкил этилиб, унга Сергели, Бектемир, Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманидан ер берилади.

5 август куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишгани тўғрисида хабар берилганди. Таъкидланишича, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шаҳардан Тошкент вилоятига 1 010 гектар, вилоятдан пойтахтга 10 196 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилган.

Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаэв аҳоли билан учрашувда.

Фото: Telegram

Аммо ким ҳам пойтахтдан вилоят ҳудудига қўшилишга рози бўлади, дейсиз. Тошкентнинг Учтепа туманидаги «Кўксарой», «Ўрикзор» ва «Зарафшон» маҳаллалари аҳолиси 6 август куни тўпланиб, ўз маҳаллаларининг Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудига ўтказилишига норозилигини билдирди.

* * *

Қамчиқ довонида янги туннель қурилиши ҳақидаги хабар мамлакат аҳолисининг қарийб учдан бирини ташкил қилувчи водийликларни хурсанд қилиши шубҳасиз. Қурилиш бўйича тендер эълон қилинади.

Фото: «Ўзавтойўл»

Айтиш лозимки, Қамчиқ довони орқали Тошкентдан Андижонга бориш учун тирбандликлар сабабли 5-6 соат вақт сарфланади, 22 минг автомобиль ўтади. Бу кўрсаткич келгуси 5 йилда 40 мингга етади. Тошкент—Андижон пуллик автомобиль йўли ишга тушган тақдирда масофани босиб ўтиш уч соатгача қисқаради, транспорт ҳаракати эса 70 фоизгача ошади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати ёзди.

* * *

Аввалроқ депутат Расул Кушербоев ва UzAutoMotors ўртасида бошланган тортишув бу ҳафта авжига чиқди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан UzAutoMotors АЖда автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши борасида ўтказилган текширув натижасида қонун бузилиши аломатлари аниқланди. UzAutoMotors автомобиллар нархларини шакллантиришда айрим харажатларни ошириб киритгани аён бўлди. Аммо компания буни тан олмади ва депутатни популистик фикрлашда айблади.

Келинг, бу ҳақда «Troll.uz» нима ёзганини ўқиб кўрайлик:

Соҳанинг ичида юрган бир одам қизиқ версияни айтди. Бу шунчаки миш-миш бўлиши мумкин:

«Уларнинг савдоси тушиб кетган. Акция қилса ҳам, автокредит қилса ҳам фойда бермади. Битта вариант қолди – нарх тушириш. Лекин компания тарихида ҳеч қачон нархлар тушмаган. Нархини ўзи туширса, имижга зарар ва одамлар гап нимадалигини тушуниб, барибир машина олмайди. Шунга улар қўмита билан келишган. Иш очишади. Кейин нарх тушади. Қарабсизки, ҳамма хурсанд».

Булар қалбимизга хитирлик йўллари билан кирмоқчими?!

* * *

Бу йилги қабул имтиҳонлари ҳар йилгидан ўзгача бўлади. Тестлар 2 сентябрдан бошлаб стадионларда ўтказилади. Бунинг учун 155 та стадиондан 40 таси жалб этилади. Имтиҳонлар кунига икки марта, куннинг салқин пайтлари ташкил этилади. Тест имтиҳонларини тахминан 12—14 кунда якунлаш кўзда тутилаяпти. Абитуриент икки соат ичида иккита фандан жами 60 та саволга жавоб беради. Тест имтиҳонларини ўтказиш санаси Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Давлат санитария хизмати хулосалари асосида белгиланади. Биринчи курслар ўқишни 1 октябрдан бошлайди. Ўқиш онлайн шаклда бошланиши мумкин.

Дарвоқе, бу йил тўлов-шартнома нархлари ўзгармайди.

* * *

Пандемия даврида халқни қўллаб-қувватлаш учун пул тарқатилгани кўп яхши иш бўлди, бироқ каламушлар ҳар ерда бор, бизда бори қайда бор, деганларидек, бу тадбир ҳам халқ маблағини ўмаришларсиз ўтмади. Вилоятларда миллионлаб маблағлар ўз жойига етиб бормагани ошкор бўлиб қолди. Сенат раиси Танзила Норбаева Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан Инқирозга қарши кураш жамғармасининг 1 миллиард 750 миллион сўмдан зиёд маблағи талон-тарож қилинганини маълум қилди. Маҳаллалардаги кўмакка муҳтож хонадонлар қайд этиладиган «темир дафтар»ни юритиш тизими ҳануз эскичалигича қолган. Танзила Норбоева танқидида буни ҳам эътибордан соқит қилмади. Тизимга шаффофлик зарурияти алоҳида айтилди.

Ишда йўл қўйган камчиликлари учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, вазир ўринбосарлари Азизбек Икромов ва Ботир Парпиевга ҳайфсан эълон қилинди.

Фото: «Kun.uz»

Энг сўнгги янгиликларни «Дарё»да ўқинг. Карантин қоидаларига риоя қилинг.