Давлат тест маркази директори Мажид Каримов бу йил стадионларда ўтказиладиган тест синовларининг янгича тартиби бўйича маълумот берди.
«Ҳар йили бизда имтиҳон 3 та фандан бўлган, унга 3 соат ажратилган. Бу йил фанларнинг сони 2 та, аслида 5 та бўлиши керак эди. Аммо пандемия шароитини инобатга олиб мажбурий қисмни олиб ташлаб, 2 та йўналиш фанлари қолдирилган. Тест материаллари анча соддалаштирилган. Тест синовлари китобида 4 хилдаги мураккаблик даражасига кўра саволлар бўлади, ўз навбатида пропорция билан тақсимланади. Тўртинчи даражадаги, Олимпиада танловларида қўйиладиган мураккаб саволлар мутлақо олиб ташланди. Мураккабликка кўра учинчи даражадаги саволлар 30 тани ичида 12 та бўлган бўлса, биз уни ярмини олиб 6 та қолдирдик. Энг содда даражадаги 6 та саволларга учинчи даражадаги саволларнинг 6 тасини туширдик, натижада энг содда саволлар 12 та бўлди. Иккинчи даражадаги мураккабликдаги саволлар 12 та қолди» — дейди мутахассис.
Тест синовлари эрталабки 08:00дан соат 10:00 гача ўтиши, шундан сўнг 17:00 гача бўлган вақт оралиғида стадионда ҳеч ким бўлмаслиги таъкидланди. Синовларнинг иккинчи сменаси 17:00 дан 19:00 гача бўлиши режалаштирилмоқда.
Ҳар бир абитуриент дезинфексион коридордан ўтганида янги тиббий ниқоб ва қўлқоп, антисептик воситалар қўллаб киритилади. Тест синовлари стадионда бўлаётганлигини инобатга олиб, абитуриентларга қуёшдан сақлаш учун оқ кепкалар берилади.