Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида «Ўзстандарт» агентлиги собиқ ходими Ё.Т. эски танишлари С.Р. ва Д.К.ни алдаб 32,7 миллион сўм пулини олгани ҳамда эвазига сохта ҳужжатларни ҳақиқий деб ишонтириб кетгани маълум бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.

Фото: Тергов департаменти

Хабарга кўра, 2019 йил 11 майдан 2019 йил 18 октябрга қадар бўлган вақт оралиғида «Ўзстандарт» агентлиги республика синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасининг собиқ ходими Ё.Т. ўзига олдиндан таниш бўлган Чирчиқ шаҳридаги хусусий тадбиркор 32 ёшли С.Р. ва МЧЖ менежери 25 ёшли Д.К.ни алдаган. Уларга ўзини гўёки ҳали ҳам «Ўзстандарт» агентлигида ишлаётгандек кўрсатиб, чет элдан Ўзбекистон ички бозорида савдога чиқариш учун олиб келинган маҳсулотларга тегишли рухсат берувчи мувофиқлик-сертификатлари ҳамда Санитария-эпидемиология марказининг хулосаларини ортиқча оворагарчиликларсиз қисқа муддатларда расмийлаштириб беришини ваъда қилган.

Ё.Т. уйидаги Toshiba ноутбуки электрон хотирасида мавжуд бўлган агентликнинг сертификат намуналарини Paint дастури ёрдамида ўзгартириб, уларни қалбакилаштирган. Сохталаштирилган рухсат бланкаларини Д.Қ. ва С.Р.га жами 32 миллион 700 минг сўм эвазига сотиб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а» банди (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ё.Т. кодекснинг 228-моддаси 2-қисми «а» банди ва 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан айбланувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда унга нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят ишининг айблов хулосаси тегишлилиги бўйича судга юборилган.

Аввал Андижонда 100 минг сўмлик қалбаки купюраларни бозорда муомалага киритмоқчи бўлган шахс қўлга олингани, Фарғонада қалбаки 100 долларни ўтказмоқчи бўлганларга жиноят иши қўзғатилгани, Бухорода Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда сохта тошлар ҳамда қалбакилаштирилган тарихий-бадиий буюмларни сотишга ихтисослашган жиноий гуруҳ қўлга тушгани, Андижон вилоятида карантин вақтида республика бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи «яшил» йўлак рухсатномасини сохталаштирган бир гуруҳ шахслар ҳибсга олингани ҳақида хабарлар берилган.