2020 йилнинг 3 август куни АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ОАВ вакилларининг COVID-19 ва карантинга оид ўнлаб саволларига жавоб қайтарилди.

«Дарё» мухбирининг хабар беришича, тадбирда штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов коронавирус туфайли вафот этаётган беморларнинг барчаси ҳам нима сабабдан статистикага киритилмаётганини изоҳлади.

Фото: «Дарё»

«Ҳақиқатан ҳам статистикада берилган вафот этганлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони орасида тафовут бор.

Масалан, бемор келганда қўлида тест таҳлили йўқ бўлади. Уни қилишга улгурмаган ҳам, ҳаракат ҳам қилмаган. Олдин бундай беморларни COVID-19 стационарларига қабул қилмас эдик. Оддий стационарда даволардик. Ҳозир агар клиник ташхис қўйилса, таҳлил натижасини кутмасдан ҳам коронавирус аломати мавжуд беморни стационар ёки уй шароитида даволашни бошлашга буйруғимиз бор.

Бироқ, минг афсуски, уйида даволанишга ҳаракат қилиб, тест таҳлилисиз оғир аҳволда олиб келинган беморлар бир неча кун ётиб вафот этадиган бўлса, ўша вақт ичида улардан клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, улар статистикага коронавирус қурбони бўлиб тушмайди. Шунинг учун ҳам статистикада тафовут бўлиши мумкин. Улар пневмониядан ўлган деб ҳисобланади. Таҳлили борлар эса статистикага киритилади», — деди Оқилов.