Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев коронавирусга чалинган. Бу ҳақда Koronavirus Info Telegram канали хабар берди.

Ўктам Барноев.

Фото: «Дарё»

30 июль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўктам Барноев коронавирусга чалингани бўйича савол берилди. Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов «Тасдиқлай оламиз. Ҳозир бемор коронавирус билан касалланган», — деб жавоб берди.

Ушбу анжуман давомида Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов ҳам коронавирусга чалингани маълум қилинди. Анжуман иштирокчилари Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Ўктам Барноев ва вилоятнинг амалдаги раҳбари Карим Камолов ҳақидаги маълумотларни чалкаштириб юборгани маълум бўлди.

Анвар Алимов ва Ҳабибулла Оқилов анжумандан сўнг «Дарё» мухбири саволларига жавоб берди ва фақат Карим Камоловнинг коронавирусга чалинганини тасдиқлади. Ўктам Барноев бўйича аниқ жавоб бера олмади.

«Дарё»нинг ҳукуматдаги манбаси Ўктам Барноевнинг чиндан ҳам коронавирусга чалингани ва ҳозирда даволанаётганини маълум қилди. Бош вазир ўринбосари ҳозирда Akfa Medline хусусий клиникасида даволанмоқда. Унда қачон коронавирус аниқлангани номаълум.

Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг икки нафар ходимида коронавирус аниқланганидан сўнг ушбу ходимлар билан мулоқот қилганлар карантинга олингани хабар берилганди.