«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
21:57, 08.07.2020 25147

Кечаси телефон ишлатманг, кола ичманг. Тиниқиб ухлаш учун тавсиялар

Тиниқиб ва тўйиб ухлаган инсон ўзини кун бўйи яхши ҳис қилади, кайфияти аъло бўлади, бўшашмайди. Уйқунинг чала бўлиши эса нафақат кайфият, балки саломатликка ҳам салбий таъсир кўрсатади, инсон асабий бўлиб қолади, атрофдагилардан аламини олади. Тиниқиб ухлаш учун нима қилиш керак? Қуйида ушбу саволга жавоб берамиз.

Фото: Marie Claire

Тартибга амал қилинг

Бир вақтда уйқуга ётиб, бир вақтда туришга ҳаракат қилинг. Уйқу тартиби тананинг бир маромда ишлаши учун муҳим саналади.

Ҳароратга эътибор қаратинг

Юқори ҳаво ҳарорати тўйиб ухлашга халақит бериши мумкин, шунинг учун ҳам ётоқхонада тоза ҳаво бўлишига эътибор беринг. Хона ҳарорати 22 даражадан юқори бўлмасин, ухлашдан аввал деразани очиб, хонани шамоллатинг. Уйқудан аввал иссиқ душ қабул қилманг.

Жисмоний машқ била шуғулланинг

Жисмоний машқдан кейин организм толиқади ва дам олишни истайди. Шунинг учун ҳам кун давомида ярим соат машқ бажаришга одатланинг, аммо ётишдан аввал эмас. Югуриш ва қийин машқларни тонгда бажаринг.

Кечқурун таркибида кофеин бўлган ичимлик истеъмол қилманг

Кофеин фақат қаҳва таркибида эмас, кўк чой ва колада ҳам бўлишини унутманг. Мутахассислар кофеинли ичимликларни кечки соат бешгача, кейин эса сув ёки тинчлантирувчи ўтлардан дамланган чой ичишни тавсия қилади.

Ётоқхона ёруғ бўлмасин

Ухлайдиган жойингизда чироқ ёруғи бўлиши ҳам ухлашга халақит беришини унутманг. Бундан ташқари, тиниқиб ухлашни истайдиганларга уйқудан аввал телевизор кўрмаслик, компьютер ва телефондан фойдаланмаслик тавсия қилинади.

Кўрпа-тўшак ҳолати ҳам роль ўйнашини унутманг

Гигиена нуқтаи назаридан, ёстиқ жилдларини ҳафтада 3 марта, шунингдек, ёстиқнинг ўзини 2-4 йилда алмаштириб туринг. Шу сингари тўшак ҳолати ҳам муҳим саналади, 10 йилдан бери алмаштирилмаган, чўнқирликлар пайдо бўлган тўшакда инсон қулай ухлай олмайди, безовталанади. Тўшак текис ва қаттиқ бўлиши, чойшаблар ювилган, озода экани сизнинг тиниқиб ухлашингизда аҳамиятли саналади.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c