Ҳиндистон ва Хитой Галван дарёси бўйидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланувчи водийдан ҳарбийларини чиқармоқда. Бу ҳақда 6 июль куни NDTV телеканали хабар қилган.
«Ҳиндистон ва Хитой қўшинларининг ўзаро ҳамкорликда ҳудудни тарк этиши амалга ошди, икки давлат ҳарбийларини Галван дарёси ажратиб турибди. Ҳиндистон ва Хитой қўшинлари ўртасида хавфсиз ҳудуд ташкил қилинган», – дея ўз манбасига таяниб хабар тарқатган телеканал.
«Ушбу ажралишнинг ишончли ва реалликка яқинлигини кўриш учун маълум вақт мобайнида кутиш талаб этилади», – деган телеканал вакили.
Томонлар чегара ҳудудида барпо этилган вақтинчалик иншоотларни ҳам йиғиб олмоқда ва Ҳиндистон ҳамда Хитойни ажратиб турувчи назорат чегара чизиғи томон ҳаракатланмоқда. Ҳарбийларнинг ушбу чизиқдан қанча масофада жойлашиши борасида аниқ маълумот берилмаган.
Қайд этилишича қўшинларнинг ҳудуддан олиб кетилиши 30 июндаги маслаҳатлашувларда эришилган ўзаро келишув асосида амалга ошган. Музокаралар Ҳиндистон қуруқликдаги қўшинлари 14-корпуси генерали Хариндер Сингх ҳамда Хитой армиясининг Жанубий Шинжон ҳарбий округи қўмондони Лю Лин ўртасида олиб борилган. Бу 6 июндан бери икки давлат ўтказган учинчи маслаҳатлашув.
Эслатиб ўтамиз, аввал Ҳиндистон ва Хитой чегарасида икки давлат қўшинлари яқинлашаётгани хабар қилинган. Ҳиндистон ва Хитой чегарасида содир бўлган тўқнашув оқибатида 20 нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Ҳиндистон ва Хитой баҳсли ҳудудда 20 нафар аскарнинг ўлимига сабаб бўлган тўқнашувда бир-бирини айблаётганди.
Кейинчалик Хитой қўшинининг Ҳиндистон томон ҳаракатланаётгани маълум бўлди. Кашмир яқинида танк гуруҳи фаоллашган ва ҳужумга тайёргарлик бошланган.