Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Санитария-эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан катта миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Наманган вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахслари Ф.Б., А.Т. ва Ҳ.С. МЧЖлар билан тузилган шартномага мувофиқ 275,9 миллион сўм бўлган гипохлоридкальций дезинфекцияловчи воситаларни 524,8 миллион сўмга, яъни ўртача бозор нархидан 248,9 миллион сўмга қиммат нархларда сотиб олиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан марказнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Бухоро вилоят Санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори 200 миллион сўм бюджет маблағини талон-торож қилгани фош этилгани тўғрисида хабар берилганди.