Ўзбекистонда 22 июнь соат 23:00 дан 23 июнь соат 23:00 га қадар коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 201 та ҳолат қайд этилди. Ўзбекистонда тўртинчи марта бир кунда касалланганлар сони 200 нафардан ошмоқда. Бу ҳолатларнинг барчаси июнь ойида содир бўлган (7 июнь — 237 киши, 16 июнь — 230 киши, 20 июнь — 207 киши). 23 июнда қайд этилган янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 6662 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 168 нафари карантин муассасаларида;
  • 30 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 9 нафар, Хоразм вилоятида — 6 нафар, Қашқадарё вилоятида — 4 нафар, Наманган вилоятида — 3 нафар, Тошкент вилоятида — 3 нафар, Андижон вилоятида — 2 нафар, Сурхондарё вилоятида — 2 нафар, Сирдарё вилоятида — 1 нафар);
  • 3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Тошкент вилоятида — 2 нафар, Сирдарё вилоятида — 1 нафар) аниқланган.

Кун давомида 10 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 8 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Бир кун ичида бунча кўп ҳудудда касаллик аниқланиши ва бунча кўп ҳудудда аҳоли орасида касаллик қайд этилиши июнь ойида кузатилмаганди. 10 июнда 7 та ҳудудда аҳоли орасида коронавирус аниқланганди.

23 июнь куни аҳоли орасида 30 та ҳолат қайд этилди. Бу 11 июндан кейин аҳоли орасида касаллик аниқланиши бўйича энг юқори натижа. 11 июнда аҳоли орасида 39 та янги ҳолат аниқланганидан сўнг шу кунгача аҳоли орасидаги касалланишлар сони 30 тага етмаётганди.

Тошкент шаҳри аҳоли орасида касаллик аниқланиши бўйича яна етакчи бўлди. Пойтахтда аниқланган янги ҳолатларнинг 18 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилганлар орасида, 9 таси аҳоли орасида қайд этилди. Тошкент шаҳрида охирги марта 3 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланмаганди.

Хоразм вилоятида охирги вақтларда касаллик аниқланса, камида 10 кишидан коронавирус чиқмоқда. 15 июнь куни 10 кишида, 19 июнь куни 12 кишида, 20 июнь куни 13 кишида,  23 июнь куни эса 14 кишида коронавирус аниқланди. Янги ҳолатларнинг 8 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар орасида, 6 таси аҳоли орасида аниқланди.

Сурхондарё вилоятида 11 та янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Май ва июнь ойларида вилоят бир кунда бунча кўп касаллик аниқланиши кузатилмаётганди. Янги касалланганларнинг 9 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 нафари аҳоли орасида аниқланди. 14 июнда вилоятга коронавирус қайтганди. Шундан буён янги касалланганлар аниқланган кунларда аҳоли орасида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. 14 июнь куни 9 та ҳолатнинг бари, 17 июнь куни 6 та ҳолатдан 2 таси ва 20 июнь куни 4 тадан 1 таси аҳоли орасида аниқланганди.

Тошкент вилоятида аниқланган ҳолатларнинг 4 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида, 3 таси аҳоли орасида, 2 таси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида аниқланди. Вилоятда 7 кундан бери аҳоли орасида, 10 кундан бери халқаро юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари орасида узлуксиз равишда касаллик аниқланмоқда.

Сирдарё вилоятида аниқланган 8 та ҳолатдан 6 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, биттаси аҳоли орасида ва яна биттаси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчисида қайд этилди.

Қашқадарё вилоятида аниқланган 7 та ҳолатдан 4 таси аҳоли орасида, 3 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Қашқадарёда аҳоли орасида бир кунда 4 та ҳолат қайд этилиши фақатгина бир марта — вилоятга коронавирус қайтган 5 июнда содир бўлганди.

Наманган вилоятида қайд этилган 3 та янги ҳолатнинг ҳаммаси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда 4 кун аввал ҳам аҳоли орасида 3 та ҳолат қайд этилганди.

Андижон вилоятида аниқланган 3 та ҳолатдан 2 таси аҳоли орасида, биттаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. 20 июнь ҳолатига кўра «яшил» ҳудуд деб белгиланган Андижон вилоятида 21 июнь куни ҳам аҳоли орасида касаллик аниқланганди.

Самарқанд вилоятида аниқланган 3 та ҳолатнинг ҳаммаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Вилоятда 17 июндан бери ҳозиргача аниқланган 22 та ҳолатнинг 21 таси карантиндаги фуқароларда, фақат биттаси аҳоли орасида қайд этилди.

Қорақалпоғистонда қайд этилган битта ҳолатҳам коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Ушбу ҳудудда охирги марта янги касалланиш ҳолати 13 июнда қайд этилганди. Ўша куни аҳоли орасида 3 та, халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида битта ҳолат аниқланганди.

Бухоро, Навоий ҳамда коронавирусдан холи бўлган Жиззах ва Фарғона вилоятларида 23 июнь куни касалланиш ҳолатлари кузатилмади.

Касалликдан даволаниш

23 июнь давомида 110 нафар фуқаро соғайди. Улардан 109 нафари Тошкент шаҳридаги ва 1 нафари Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 6662 нафар бемордан 4560 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 68 фоизни ташкил этмоқда. Даволанишнинг бу қадар паст кўрсаткичи охирги марта 5 май куни қайд этилганди.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди, 23 июнга келиб уларнинг сони 2000 нафардан ҳам ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2083 нафар бемордан 1656 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 427 нафар бемор мамлакатнинг 9 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Қорақалпоғистонда 7, Андижонда 14, Самарқандда 28, Наманганда 28, Сурхондарёда 30, Бухорода 35, Навоийда 52, Хоразмда 56 ва Қашқадарёда 177 нафар бемор қолди. Жиззах ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, коронавирус инфекциясини эрта аниқлаш кўламини кенгайтириш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, қатор ташкилот ва фуқароларнинг бу ҳақдаги мурожаатларини эътиборга олиб, 24 июндан бошлаб давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ҳамда фуқаролар учун ушбу инфекцияга таҳлил топширишда ихтиёрий, пулли асосда нодавлат тиббиёт ташкилотлари хизматларидан ҳам фойдаланиш имконияти яратилди.

Лаборатор таҳлил учун намуна (суртмалар) нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўзида, шу билан биргаликда, сўровга кўра, мурожаат қилувчининг ташкилотида, фуқароларнинг яшаш манзилида ҳамда махсус автотранспортларда олинишига рухсат берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқиловнинг сўзларига кўра, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш учун антитаналарни аниқлаш керак бўлади. Шу сабабли Ўзбекистонда кейинги ҳафтадан бошлаб аҳолида коронавирусга қарши антитаналарни аниқлаш учун тест олиниши режалаштирилмоқда.

Аҳволи оғир беморлар ва ўлим ҳолатлари

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2083 нафар бемордан 17 нафари оғир, 4 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка ичида аҳволи оғир беморлар сони 2 нафарга ошди. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморлар сони биргаликда ҳеч қачон 21 нафарни ташкил этмаганди.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. 19-беморнинг вафоти ҳақида 10 июнь куни хабар берилгандиКитоб ва Денов туманлари ҳокимликлари ҳам ўз ҳудудларида коронавирус оқибатида бир нафардан бемор ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар қилган. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатларни тасдиқламаган ва қурбонлар сонига ўзгартириш киритмаган.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 36 294 нафар, стационар карантинда эса 22 656 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 604 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 42 нафарга кўпайди.